Бахмалда ДХМ фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифлар умумлаштирилди

Улашиш:

Бугун Давлат хизматлари агентлиги, Европа Иттифоқи ва БМТТД Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида "Ўзбекистон қишлоқ жойларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш" лойиҳаси ходимлари Бахмал туман ДХМга амалий ташриф билан келишди.

 

Мақсад марказ фаолияти билан яқиндан танишиш, муаммоларни аниқлаш ва кўрсатиладиган давлат хизматларини соддалаштириш борасидаги таклифларни тинглаш, мурожаатчилар билан яқиндан суҳбат олиб бориш асносида уларнинг ҳам фикр-мулохазалари билан ўртоқлашиш, олис ҳудуд ва маҳаллаларга чиққан ҳолда сайёр давлат хизматларини кўрсатиш сифатини текшириш, аҳоли орасида онлайн хизматлардан фойдаланиш даражасини оширишдан иборат бўлди.

Ташриф доирасида мутахассислар тумандан 35 км узоқликда жойлашган “Ойқор” МФЙ га боришди. Аҳоли билан бевосита учрашиб тизимга оид масалаларда суҳбатлашилди.


Лойиҳа доирасида Сурхондарё вилояти (Сариосиё тумани), Қашқадарё вилояти (Деҳқонобод тумани), Жиззах вилояти (Бахмал тумани), Сирдарё вилояти (Ховос тумани) ва Тошкент вилоятидаги (Нурафшон шаҳри) Давлат хизматлари марказлари тажриба тариқасида танлаб олинган бўлиб, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун мазкур қўшма лойиҳа умумий қиймати қарийб 178 минг АҚШ долларини ташкил этувчи 200 дона ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини (серверлар, шахсий компьютерлар, тармоқ ва телекоммуникация қурилмалари, видеокузатув мосламалари, фойдаланувчи билан алоқа механизмлари ва бошқалар) сотиб олиб, Агентликка тақдим қилди. 

Тажриба учун танланган ҳудудларда камида 5 та янги давлат хизматлари марказларининг техник салоҳиятини ошириш орқали БМТ Тараққиёт Дастури ва Европа Иттифоқи аҳолининг ишончини ошириш ва ДХМ орқали, айниқса қишлоқ жойларда, давлат хизматларини кўрсатиш механизмларининг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшади.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.