Латвиялик экспертларга Жиззах вилоятида давлат хизматлари кўрсатиш тизими таништирилди

Улашиш:

Латвиялик экспертлар Евгения Бутницкая ва Эдис Пельш икки кундирки Жиззах вилоятида кўрсатилаётган хизматлар билан танишишмоқда. ДХА, БМТТД ва Европа Иттифоқининг “Давлат  хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва қишлоқ жойларда бошқарув даражасини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ташриф аввалида экспертлар Бахмал туманида бўлишди. 

Лойиҳа доирасида республикамизнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги ДХМлар салоҳиятини ошириш йўналишида қатор ишлар амалга оширилади. 2019-2024 йиллар мобайнида Давлат хизматлари соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини стандартлаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш, архив ҳужжатларини рақамлаштириш, давлат хизматлари тизимида блокчейнни тажриба сифатида қўллаш ва ДХМларни оммалаштириш юзасидан олис қишлоқлар аҳолиси, айниқса аёлларни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар, рақамли кўникмалар Марказларини тузиш, ҳамкор ҳудудлар ҳокимликлари учун қўлланмалар яратиш каби қатор йўналишлар қамраб олинади. 

Бахмал туман ДХМга ташриф давомида экспертларга лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича тушунтирилди. Давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг ҳудудий бўлимларига (ҳокимлик, қурилиш бўлими, газ, сув, электр таъминоти корхоналари, МТМ ва бошқаларга) ташриф буюрган ҳолда кўрсатилаётган хизматлар сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини таҳлил қилинди.

 

Айни пайтда давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида туманда Давлат хизматлари марказларининг янги биносининг қурилиш жараёни кетмоқда. Бино икки қаватдан иборат бўлади. Латвиялик экспертларга 1000 м2 майдонга эга бўладиган бинода яратиладиган шароитлар, жумладан, ДХМга ташриф буюрувчилар учун яратиладиган қулайликлар ҳақида сўзлаб берилди. 

Шундан сўнг, эксперларга туман марказидан 12 километр олисда бўлган “Мўғол” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 45-мактабда аҳолига кўрсатилаётган мобиль сайёр давлат хизматлари юзасидан тушунча берилди. Аҳоли билан суҳбатлашилиб, давлат хизмтлари марказининг фаолияти юзасидан сўровнома ўтказилди.

 

 

 

Экспертлар томонидан марказ ходимларига Латвиянинг давлат хизматлари кўрсатиш тажрибаси тақдимоти ўтказилди.

- Айни пайтда Латвияда  700 дан ортиқ электрон давлат хизматлари кўрсатилади, - дейди Латвия ҳудудий ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Евгения Бутницкая. - Аҳолининг 90 фоизи интернет орқали электрон хизматлардан фойдаланиш тарафдори. Дунёда интернет тезлиги бўйича энг етакчи мамлакатлар қаторида эътироф этиламиз. Жиззах вилоятига ташрифимиз давомида Давлат хизматлари марказларининг имкониятлари, кўрсатилаётган давлат хизматлари юзасидан тегишли хулосаларга эга бўлдик. Бу борада ўзаро тажриба алмашадиган жиҳатларингиз кўп экан.

Ташрифнинг иккинчи кунида экспертлар янги бинода фаолиятини бошлаган Дўстлик тумани давлат хизматлари марказида бўлдилар. Бу ерда давлат хизматлари кўрсатиш борасида эришилган натижалар, янги бинода яратилган шароитлар тўғрисида тушунча берилди. Шундан сўнг, Жиззах шаҳар ДХМнинг янги қурилиши биноси кўздан кечирилди. Мазкур иншоот ҳам давлат – хусусий шериклик шартлари асосида қурилаётган бўлиб, биринчи қават тўлиқ давлат хизматлари марказига тегишли бўлса, қолган юқоридаги бешта қавати тураржой сифатида фойдаланилади.

 

 

Ташриф якунида лойиҳа ходимлари, экспертлар ва шаҳар, туманлар ДХМ директорлари иштирокида Ўзбекистон ва Латвия давлат хизматлари тизими тўғрисида маълумот алмашиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.

 

 

Унда сўз олганлар “ДХА, БМТТД ва ЕИнинг “Давлат  хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва қишлоқ жойларда бошқарув даражасини ошириш” лойиҳаси” тақдимоти, ДХА Жиззах вилоят бошқармаси фаолияти, Латвия давлат хизматлари тизими ҳамда Рига муниципал хизматлари тизими тўғрисида тушунча бердилар. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 ДХА Жиззах вилояти бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.