Янги бино сардобаликлар хизматида

Улашиш:

Аҳолиси 66 минг 700  нафарни ташкил этувчи Сардоба тумани Сирдарё вилоятининг энг олис ҳудудларидан биридир. Сардоба тумани вилоят маркази Гулистон шаҳридан 83 километр узоқликда жойлашган. Туман ҳудуди Жиззах вилояти билан чегарадош. 2020 йил сардобаликлар учун анчайин оғир кечди. Сардоба сув омбори тошқини сабабли бир қатор қийинчиликлар рўй берган бўлсада, матонатли халқимиз бу оғир синовни мардонавор енгиб, тошқин хароб қилган ҳудудда гўзал ва замонавий кўпқаватли уйлардан иборат ихчам маҳалла барпо этилди. Туманда мавжуд 15 та маҳаллаларда ўндан зиёд миллат вакиллари аҳил-иноқликда яшаб келишмоқда.

“Нуроний бунёдкор сервис” МЧЖ қурувчи-бунёдкорлари томонидан барпо этилган янги бинонинг умумий майдони 1015 кв.м ташкил этади. Замонаий архитектура ечимларини ўзида мужассам этган бино энг замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган. Марказга ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хизмат залида қулай шароитларда хизмат кўрсатилади. Марказга киришингиз ҳамоноқ сизни ресепшнда хушмуомала ходимлар яхши кайфият билан кутиб олишади ва тегишли тартибда йўналтиришади. Электрон навбат тизими 2 та мониторда акс этиб туради, 10 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

Айни пайтга келиб Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 150 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Сардоба тумани Давлат хизматлари маркази томонидан бир кунда ўртача 80-100 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатиш қувватига эга. 2020 йилда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 16 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди.

–Бугунга келиб янги биноларимизда аҳолига яратилган барча шароитлар вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш имконини бермоқда, - дейди Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Б.Артиков. – Қолаверса, халқимизда давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларни бошлаб юборганмиз. Вақти келиб марказга келишга ҳам эҳтиёж қолмайди, чунки ҳар бир фуқаро ўз уйида компютер ёки мобил қурилма орқали интернет тармоғига уларган ҳолда давлат хизматларидан онлайн тартибда фойдаланади. Бу эса хизматни марказ орқали олишдан кўра арзон ва қулай.

Дарҳақиқат, янги бинода тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, Халқ қабулхонаси, туман адлия бўлими, секторлар учун алоҳида хоналар ажратилган. Шунингдек, марказда банк кассаси ҳам ташкил этилган. Кутиш залида эса китоб жавони мавжуд бўлиб, фуқаролар бу ерда бадиий китобларни мутолаа қилиш имкониятига эга бўлишади. Бу ерга фарзандлари билан ташриф буюрган ота-оналар учун ёрқин рангларда жиҳозланган болалар майдончаси кичкинтойларнинг вақтларини мазмунли ўтказишга ёрдам беради.

Марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, ташриф буюрувчиларнинг навбати мониторларда кўриниб туради. Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.

Дарҳақиқат, туман марказига ярашган янги бинони том маънода Сардоба марвариди, деб аташ мумкин. Зеро чўл ҳудудининг матонатли халқи учун бу маскан марвариддек қадрли бўлишига ҳеч шубҳа йўқ.

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва

ОАВ билан алоқалар шўъбаси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.