Бахмал, Ғаллаорол ва Пахтакор туманларида замонавий давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилди.
Биноларнинг 2 таси (Арнасой ва Зафаробод туманлари) Давлат хизматлари агентлиги, маҳаллий бюджет ва инвестор маблағлари ҳисобидан, 4 таси (Бахмал, Дўстлик, Зомин ва Мирзачўл туманлари) Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги маблағлари ҳисобидан, 7 таси (Ғаллаорол, Пахтакор, Фориш, Янгиобод Шароф Рашидов, Зарбдор туманлари ва Жиззах шаҳри) инвестор ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПҚ-3701-сон ҳамда 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сонли қарорларига асосан Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриб битказилди.
Бахмал туманида янги бино Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. Эндиликда марказга ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хизмат залида қулай шароитларда хизмат кўрсатилади.
Марказга киришингиз билан сизни рецепшнда хушмуомала ходимлар яхши кайфият билан кутиб олишади ва тегишли тартибда хизмат ойналарига йўналтиришади. Электрон навбат тизими эса мониторда акс этиб туради, ходимлар томонидан кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.
Таъкидлаш жоизки, илгариги бинода хизмат тор хоналарда кўрсатилар, янгисидаги мавжуд қулайликларни яратиш имкони мавжуд эмас эди. Бу эса аҳолига ҳам, ходимларга ҳам бироз ноқулайлик туғдирарди.
Илгариги бинода аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кунига 150 тага яқин давлат хизматлари кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган бўлса, янги бино ишга тушиши муносабати билан кунига 450 тага яқин давлат хизматлари кўрсатилиш имконияти яратилди.
Замонавий архитектура дизайни асосида жиҳозланган марказнинг янги биносига кирган мурожаатчиларнинг фарзандлари учун ҳам қулай шароит яратилган бўлиб, болалар майдончаси, кутоб жавонлари ташкил этилган. Шунингдек, тадбиркорларнинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича Бош вазир қабулхонаси, туман ФҲДЁ бўлими ва туман адлия бўлими ходимлари учун ҳам алоҳида хоналар ажратилган.
Тантанали очилиш тадбирида туман ҳокими М.Анарбоев, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси раҳбари Аброр Ходжаев, ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Б.Умурзаковлар сўзга чиқиб йиғилганларни фойдаланишга топширилган янги бино билан табриклаб, йил якунида туман аҳолиси учун муносиб туҳфа бўлганлигини таъкидлашди.
Тантанали очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
***
Йил якунига келиб бугун ҳаммамизда таққослаш имконияти юзага келмоқда. Масалан, Давлат хизматлари марказлари мисолида олсак. Кечагина тор ва аҳолига давлат хизмати кўрсатиш ноқулай бўлган хоналар ўрнини бугун бутунлай замонавий барча қулайликларга эга бинолар эгаллаяпти.
Бежирим йўлак плиталари билан безатилган атрофи ландшафт дизайнда ободонлаштирилган манзилда Ғаллаорол тумани давлат хизматлари маркази иш бошлади. Бино тамоман янгидан қурилди. Марказнинг янги биноси қурилиши Давлат хусусий шериклик шартлари асосида “Арслон Шамшод” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилди. Маҳаллий инвестор марказ қурилишнинг ноанъанавий йўлини танлади. Турар жой биносининг биринчи қаватига давлат хизматлари марказини қурди.
Бино тақдимотида вилоят ва туман фаоллари, жамоатчилик ва ОАВ воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, туман раҳбарлари тизимнинг одамлар ҳаётидаги ўрни хусусида фикр билдирдилар. Анъанага мувофиқ, тадбир иштирокчилари марказ имкониятлари билан танишдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, марказ ичкарисидаги интерьер ечими хизмат олувчиларга яхши кайфият бағишлайди. Ходимлар бир вақтнинг ўзида 10 та хизмат кўрсатиш ойнасида мурожаат қабул қиладилар. Рецепшн, аҳолига давлат хизматини олиш учун электрон навбат йўлга қўйилган. Навбат рўйхатини намойиш этадиган мониторлар ишлаб турибди.
Ота-оналар давлат хизматини олгунча фарзандларини болалар майдончасида бехавотир қолдира оладилар. Шунингдек, бинода фуқаролар учун кутиш зали, кафетерий, вақтни бесамар ўтказмаслик мақсадида мутолаа учун китоб жавони ҳам ташкил этилган. Марказнинг ўзида хизматларга тўловлар қилиш учун банк кассаси ишлаб турибди.
Марказ биносида бош вазир қабулхонаси, нотариус ва бир қатор ташкилотлар ҳам иш бошлади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ғаллаоролда жорий йилги пандемия шароитида ҳам аҳолиги хизмат кўрсатиш бир зумга бўлса ҳам тўхтатилмаган. 150 га яқин хизматлар бевосита аҳолининг оғирини енгил қилиш мақсадида ходимлар томонидан узлуксиз кўрсатилишига эришилди. Хаттоки, туман марказидан 25-30 км олисдаги Қўйтош ва Лалмикор қўрғонида марказнинг 2 та филиали иш бошлади. Энди эса ғаллаоролликлар давлат хизмати олиш учун Давлат хизматлари марказининг янги биносига боришади.
***
Пахтакор тумани Давлат хизматлари маркази янги биносининг фойдаланишга топширилиши билан вилоятдаги барча 13 та ДХМлар янги бинода иш бошлашини кўрсатади.
Эндиликда пахтакорликлар марказ янги биносида 150 дан ортиқ хизматлардан фойдаланади.
Илгари туман маданият бўлимининг иккинчи қаватдаги кўримсиз хоналарида жойлашган Давлат хизматлари марказида фуқароларга хизмат кўрсатишда қатор ноқулайликлар юзага келаётган эди. Марказнинг янги, замонавий биноси фойдаланишга топширилиши ана шу муаммоларни бартараф этди.
Болалар учун махсус ўйин майдончаси, туман ФҲДЁ бўлими, Президент халқ қабулхонаси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, туман адлия бўлими, нотариус ҳамда банк кассаси мужассам этилган марказ йиғилганларда ижобий таассурот қолдирди.
ДХА Жиззах вилояти бошқармаси Ахборот хизмати