Бир кунда Арнасой ва Ш.Рашидов туманларида Давлат хизматлари марказлари янги бинода иш бошлади

Улашиш:

6 ноябрь куни Арнасой ва Шароф Рашидов туманларида замонавий давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилди.

Жиззах вилоятида ҳам аҳолининг сифатли давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида навбати билан жойларда аҳоли учун давлат хизматлари марказлари қуриб фойдаланишга топширилмоқда. Ўтган давр мобайнида вилоятнинг Мирзачўл, Дўстлик, Зарбдор, Янгиобод, Фориш, Зомин туманлари ва Жиззах шаҳрида барча қулайликларга эга Давлат хизматлари марказлари биноси фойдаланишга топширилган эди.

- Ушбу давлат хизматлари марказлари бинолари барча учун қулай ҳудудда, замонавий архитектура ва меъморий дизайнга асосланган ҳолда қурилди,  - дейди Адлия вазирлиги ДХА Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Б.Умурзаков. – Арнасой туман ДХМ биноси “Достонжон Нур” МЧЖ қурувчилари томонидан бунёд этилди. Марказга кираверишда ходимларимиз хушкайфият билан фуқароларни давлат хизматлари соҳасидаги мурожаатини ўрганиб, тегишли ойналарга йўналтиради. Электрон навбат, инфокиоск, кутиш зали, болалар майдончаси ташкил этилган. Деворлардаги мониторларда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар намойиш этилади.

Маълумот ўрнида: Арнасой тумани Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2020 йилнинг ўтган даврида 9 869 та хизмат кўрсатилди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ошиб, бу кўрсаткичлар сони икки баробарга ошиши кўзда тутилган.

 

 

 

 

 

 

Арнасой туман ДХМ янги биноси иш бошлади

Шу қаторда марказ ичида Арнасой туманидаги Президент халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳам зарур шароитлар яратилган ҳолда марказ биносида ўз фаолиятини бошлади. Бундан кўриниб турибдики мурожаатчилар бир вақтнинг ўзида ҳам давлат хизматлари, ҳам ўз фаолиятларида дуч келаётган  муаммолари юзасидан ваколатли органга мурожаат қилишлари мумкин.

Ташриф буюрувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида банкомат, тўлов кассаси узлуксиз ишлаши таъминланади.

Тантанали очилиш маросимида ДХА Жиззах вилоят бошқармаси раҳбарияти, туман ҳокимлиги, шаҳар ва туманлар ДХМ ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Шу куни Ш.Рашидов тумани ДХМнинг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди.  Ушбу тантанали маросим давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 103 йиллиги санасига тўғри келди.

Туман 2017 йил Ш.Рашидов таваллудининг 100 йиллиги арафасида унинг номи билан атала бошланди. Ҳозирда туманда 48 та фуқаролар йиғинида 224 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Туман майдони жиҳатидан  вилоятда иккинчи, аҳолиси сони бўйича эса биринчи ўринда туради. Бу эса давлт хизматлари кўрсатиш борасида статистикада ҳам ўз исботини топган. Шу кунгача туман ДХМ томонидан аҳолига 37 669 та давлат хизматлари кўрсатилган. Йил бошидан бери 1 355 та тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ш.Рашидов тумани давлат хизматлари маркази шу вақтгача Жиззах шаҳри ҳудудида фаолият юритиб келаётган эди. Чунки туман ҳудуди Жиззах шаҳри билан чегарадош бўлганлиги ва тумандаги кўплаб ташкилотлар шаҳар ҳудудидаги биноларда жойлашиб қолган эди. Эндиликда барча хизматлар туман маркази Учтепа даҳасидаги янги бинода, барча қулайликларга эга шароитда кўрсатилади.  Қурилиш ишлари инвестор “Eko Broker Lyuks” МЧЖ  томонидан давлат хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилди.

Марказ биносида ДХМ билан биргаликда Президент халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳам фаолият юритади. Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, кафе, кичик мажлислар зали ташкил этилган.

 

 

 

 

Тадбирда сўз олганлар Шароф Рашидов таваллудининг 103 йиллиги нишонланаётган ушбу санада туман марказида бир қанча объектлар фойдаланишга топширилаётгани, шу қаторда янги давлат хизматлари маркази биноси ҳам туман кўркига-кўрк қўшганлиги хусусида гапирдилар.

Тантанали маросим якунида меҳмонлар марказ биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

 

Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти

бошқармаси Ахборот хизмати             

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.