Биржада нархлар ошган
Сўнгги 1 ой ичида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасидаги савдоларда биринчи навли ун нархи 6,5 фоизга, 3-синф буғдой нархи 7,3 фоизга қимматлашган.
Хусусан, 15 август куни ўтказилган савдо якунлари бўйича, 1 тонна биринчи навли ун нархи 3 млн 805,9 минг сўмни, 1 тонна 3-синф буғдой нархи 2 млн 500,6 минг сўмни ташкил қилган.
14 сентябр ҳолатига, ун нархи 4 млн 54,1 минг сўмгача, буғдой нархи 2 млн 683,3 минг сўмгача қимматлашган.
Маҳаллий тадбиркорлар нима дейди?
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида буғдой уни савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор сўнгги кунларда нархлар анча ошганини тасдиқлади.
“Бир неча кун ичида улгуржи нархи 215 минг сўмдан сотилган маҳаллий унлар 250 минг сўмга, 310-315 минг сўмдан сотилган Қозоғистондан импорт қилинувчи унлар 400 минг сўмга қимматлади. Етказиб берувчиларимизнинг айтишича, нархлар янада ошиши мумкин экан. Бунга нима сабаб бўлаётганини аниқ билмайман, менда бу борада маълумот йўқ”, деди тадбиркор.
Самарқанд вилояти Жомбой туманида фаолият олиб борувчи бошқа бир тадбиркор ҳам нархлар сезиларли ошгани ҳақида гапирди.
“Аввал бир қоп унни 260-270 минг сўмдан сотаётган бўлсам, энди нарх 440-450 минг сўмга чиқди. Бу Қозоғистон уни. Ўзимизда чиқадиган ва Қозоғистон уни билан аралаштириладиган унлар ҳам 430 минг сўмдан сотиляпти. Бу унлар нархи 240-250 минг сўм атрофида бўларди. Нархлар 2 ҳафтадан бери кўтарилиб келяпти”, – дейди у.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бирининг ёзишича, 10 килограммлик Қозоғистоннинг “Олтин дон” номли уни бир кунда қарийб 30 мингга қимматлашган.
“Олтин дон” деган қозоқларнинг унини сотиб олардим. Деярли ҳар икки кунда 10 кгдан. 75 минг сўм эди. Жуда сифатли ун. Бугун 106 минг бўлибди шу”, дея ёзади у.
Тошкент шаҳридаги айрим новвойхоналарда ҳам ёпилган нон баҳоси 3500 сўмдан 5000 сўмгача ошган.
Қозоғистонда экспорт буғдой нархи қимматлашган
Eldala.kz маълумотларига кўра, Қозоғистонда ноқулай об-ҳаво ва таклифнинг камлиги фонида буғдой нархи сезиларли даражада қимматлашган. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилинувчи сифатли 3-синф буғдой баҳоси ҳафта бошида тоннасига 285 доллардан сотилган бўлса, ҳафта охирига келиб унинг нархи 320 долларгача ошган.
“Бозорда таклифлар кам ва трейдерлар келгусида буғдой нархининг тоннасига 340 долларгача ўсишини прогноз қилишмоқда. Об-ҳавонинг яхшиланиши бозордаги ажиотажга барҳам бериб, нархларни пасайтириши мумкин, ёки аксинча, ҳосилнинг кутилганидан паст бўлиши ҳукумат экспортни чеклайди, деган хавотирларни пайдо қилиши ва нархларга қўшимча босим ўтказиши мумкин”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Қозоғистон ички бозорида нархлар ўзгармаган. Мамлакатнинг Қостаной вилоятидагина ҳосилнинг бир қисми ёмғир остида қолган, аммо бунинг умумий ҳажмга таъсири жуда ҳам кам.
Аввалроқ, Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов 22 август куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида 2023 йил якунига кўра, мамлакатда буғдой ҳосили режадагидан кам бўлишини айтганди. Унинг таъкидлашича, бунга қурғоқчилик сабаб бўлган.
“Нархлар 20 кунларда жойига қайтади”
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Анвар Каримовнинг маълум қилишича, буғдой маҳсулотларига бўлган ички талабни қондириш учун етарли миқдорда захира шакллантирилган.
“Бозорларда 1 қоп Ўзбекистон уни 210-220 мингдан, Қозоғистон 1-нав уни 330-340 мингдан сотилмокда. Козоғистон уни 285 мингдан бошланади нархи, 350 минггача. Асосий бозорларда нархлар шундай.
Ўтган йили ҳам сентябр ойида Қозоғистон буғдойи нархи кўтарилиб, октябрга бориб пасайган. Бу йилда етиштирилган ҳосил ва 8 ой давомида импорт қилинган буғдой ун маҳсулотларига бўлган талабни бемалол қондиради. Қозоқ буғдойи вақтинчалик тўхтаб колгани учун ажиотаж бўлиши мумкин, нархлар 20 кунларда жойига келади”, деди Анвар Каримов.