Бугун Зомин туманида замонавий давлат хизматлари маркази биноси фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистонда карантин қоидалари юмшатилиши ортидан, фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш мақсадида янги ва замонавий кўринишга эга бўлган марказларда фаолият ташкил этилмоқда.
Шундай вазиятда марказга келадиган фуқароларни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, уларга тез ва сифатли давлат хизматини кўрсатиш зарур.
Зомин туман давлат хизматлари марказининг фойдаланишга топширилиши ёзнинг қайноқ ҳароратли кунларига тўғри келди. Эски бинонинг ҳолати фуқароларга ноқулайлик туғдирганлиги сабаб карантин даврида тез ва сифатли хизмат олишларига кўмаклашиш учун янги бинога кўчиб ўтилди ва аҳолига санитария гигиена талабларига қатъий риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатиш йўлга қўйиладиган бўлди.
Зомин шаҳарчасида жойлашган марказда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун барча қулайликлар мавжуд. Мазкур бинода Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси, инвесторларга хизмат кўрсатиш учун махсус жой ҳозирланган.
Шунингдек, фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш бурчаги, кутиш зали, болалар майдончаси, кафе, кутубхона, тиббиёт хонаси, E-аукцион хонаси мавжуд.
Маълумот ўрнида: Айни вақтда Зомин туманида 164 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Туман иқтисодиёти мева-сабзавот, чорвачилик, боғдорчилик, озиқ-овқат, виносаноат, электротехника, қурилиш материаллари ҳамда туризм соҳаларига ихтисослашган. Шу боисдан давлат хизматлари олишга бўлган талаб бирмунча юқори. Туман Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2020 йилнинг ўтган 5 ойи давомида 6074 та хизмат кўрсатилди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ошиб, бу кўрсатгичлар сони икки баробарга ошиши кўзда тутилган. Шунингдек, аҳолига қулай бўлиши мақсадида жорий йилда ДХМнинг Даштобод филиали ҳам фаолиятини бошлайди.
ДХА Жиззах вилояти бошқармаси Ахборот хизмати