Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга мувофиқ, бошқарув тизими тубдан қайта кўриб чиқилди.
Ушбу қарорга асосан, Администрация ва унга қарашли ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди. Шу билан бирга, вазифалар аниқ тартибга солиниб, самарали бошқарувга йўналтирилган янги тузилма жорий этилди.
Янги тизимга кўра, Президент Администрацияси фаолиятида бешта устувор йўналиш — таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари белгиланди. Мазкур соҳаларда ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида Администрация раҳбарига беш нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.
Шунингдек, стратегик ривожланиш ва ташқи сиёсат бўйича Президентнинг янги маслаҳатчи лавозимлари ташкил этилди. Умумий бошқарувни замонавийлаштириш мақсадида молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризм, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, тадбирларни ташкиллаштириш, йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш, шунингдек, коммуникация йўналишлари бўйича алоҳида департаментлар тузилди.
Бу ислоҳотлар давлат бошқарувида самарадорлик ва натижадорликни ошириш, фаолиятни замонавий талабларга мослаштириш ҳамда фуқаролар манфаатларига хизмат қиладиган тизимни шакллантиришга қаратилган.