Жиззахда “Обод қишлоқ”лар сони яна биттага кўпаймоқда

Улашиш:

Халқнинг фаровон яшаётганлигини унинг турмуш шароитидан билса бўлади.
“Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида Дўстлик туманининг “Манас”, Мирзачўл туманнинг “Гагарин” шаҳарчаси ободонлаштирилган эди. Янги бинолар, таъмир талаб иншоотлар қайтадан реконструкция қилинди. Йўллар таъмирланиб, аҳоли дам оладиган хиёбонлар қурилди. Буларнинг барчаси ўша ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли учун.

 

Навбатдаги бунёдкорлик Зомин туманининг “Пшағор” ҚФЙ да бошланган. Махсус ишчи кучи жалб этилган.

Ўтган ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида ДХА вилоят бошқармаси раҳбарияти ҳамда туман (шаҳар) ДХМ ходимлари уйма-уй юрган ҳолатда ҳар бир хонадонга кириб уларнинг муаммолари ўрганишди.

Маҳаллабай ишлаш тизими натижасида ҳозир хонадонларга кириб муаммолар ўрганмоқдамиз. Аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг аксарияти кадастр билан боғлиқ. Кўпчилик хонадонларда фақатгина техник хатлов деган ҳужжат бор. Бу уларга мулк ҳуқуқини эътироф этадиган ҳужжат саналмайди. Шу масала билан мурожаат қилганларнинг рўйхати шакллантирилмоқда. Бундан ташқари ФҲДЁ соҳасига оид мурожаатларни ҳам қабул қиляпмиз, - дейди Зомин туман ДХМ мутахассиси Эркин Маматқулов.

“Пшағор” ҚФЙ катта ҳудудни эгаллайди. Унинг таркибида 6 та МФЙ мавжуд. Ҳар бир маҳалла таркибида эса 12 та кичик қишлоқлар бор. Жами аҳоли сони 23 810 нафарни ташкил этади.  

 

Норбой Қаршиев “Қонгли” МФЙ “Тинчлик” кўчасида истиқомат қилади. Энг кенжа ўғил билан яшаётган Норбой ака нафақада. Қўшимча даромад манбаи йўқ. Ушбу хонадонга ДХА вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзаков ташриф буюриб муаммоларини тинглади.

  • Янги ҳовлига 24 март куни кўчиб келдик. Ўғлим мавсумий ишда ишлайди. Қора қозон шу билан қайнаб турибди. Газ, сув йўқ. Йўлимизни ўзингиз кўрдингиз. Электр қуввати жуда паст. Ўчоқда сув иситамиз, овқат қиламиз. Газ балон оламиз десак шароит тўғри келмаяпти. Нафақа пулим рўзғордан ортмайди, - дейди Норбой ота.

Вилоят бошқармаси бошлиғининг ташаббуси билан уйнинг кадастр ҳужжатларига оид масала тегишли ташкилотларга юборилди. Хонадон газ балон билан таъминланадиган бўлди, ўғлининг ишга жойлашиш муаммоси ҳам ўрганилмоқда. 

Шу куни Норбой ота сингари 10 га яқин фуқароларнинг муаммолари тегишлилиги бўйича ташкилотларнинг назоратига олинди.

Бугунги кун талаби битта – у ҳам бўлса аҳолини рози қилиш орқали давлатга бўлган ишончни кучайтириш. Битта хонадон тинч бўлса жамият тинч. Жамиятнинг тинчлиги бу давлатнинг ривожланишидан дарак беради.

 

 ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.