Қонунчиликка наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш заруриятини аниқлаш билан боғлиқ барча клиник текширувлар наркология диспансерининг ўзида, зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилиши ҳақидаги норма киритилмоқда.
Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, бугунги кунда наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни нафақат наркология муассасаларининг, оила аъзоларининг (қариндошларининг) илтимосномаларига асосан, балки ички ишлар органларининг ташаббусига кўра ҳам расмийлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шу муносабат билан мазкур қонунга ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ваколати берилишини, шунингдек, мазкур материалларни тайёрлаш тартиби белгиланишини назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Яна бир киритилаётган қўшимчалардан бири фуқароларнинг наркологик текширувдан ўтказилишини, маслаҳат берилишини, ташхис қўйилишини, наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг амбулатория ва стационар шароитларда даволанишини ҳамда тиббий-ижтимоий реабилитация қилинишини давлат кафолатлаши белгилаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш заруриятини аниқлаш билан боғлиқ барча клиник текширувлар наркология диспансерининг ўзида, зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилиши ҳақидаги норма киритилмоқда.
«Гиёҳвандлик нафақат инсоннинг жисмоний, руҳий саломатлигини издан чиқаради, балки унинг оиласига, ён атрофига, жамиятга зарарли таъсир кўрсатади, турли ижтимоий муаммоларга сабаб бўлади. Шу хусусида гап бораётган экан, биз сенаторлар, барча масъул вазирлик, идоралар, жамоат ташкилотлари эътиборини жамиятимизда гиёҳвандликнинг олдини олишга, бунда масъулиятни янада кучайтиришга, бундай иллат тарқалишига имкон бераётган шароит ва омилларни бартараф этишга қаратиш зарурлигини алоҳида қайд этиб ўтмоқчимиз», — деди Танзила Нарбаева.
«Тизимли ёндашув нуқтаи назаридан қараганда, бу борада таълим муассасаларининг масъулияти катта. Гиёҳвандлик иллати ва унинг салбий оқибатлари ҳақидаги тафаккур таълим-тарбия жараёнига уйғун ҳолда ўқувчилар онгига сингдирилиши лозим. Бу бўйича анъанавий йиғилиш, маърузалар билан чекланмай янгича, болалар психологияси ва уларнинг бугунги фикрлашига мос бўлган замонавий услублардан самарали фойдаланиш зарур. Таълим соҳасига масъул вазирликлардан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади», — деди Сенат раиси.