Иштихондаги "MY5" телеканали мухбири ва ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари ўртасида юз берган ҳолат ўрганилди

Улашиш:

Иштихон туманидаги бозорда юзага келган ёнғин тафсилотларини ёритиш бўйича ҳокимлик ахборот хизмати ва журналист билан боғлиқ ҳолат Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда АОКА вилоят бошқармаси томонидан иккала томон иштирокида ўрганилди.

"MY5" телеканали мухбири Отажон Раббонақулов ва ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Илҳом Бобоевнинг фикрлари, важлари эшитилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари ёнғин бўлган жой хавфли ҳолатда эканлигини инобатга олиб, ёниб кетган устунлар одамлар устига қулаши мумкин, деган хавотирда фуқаролар тарқалгандан кейин тасвирга оласизлар, деб журналистдан камерани ўчириб туришни сўраганлигини билдирди. Натижада ўртада келишмовчилик юзага келган. Аммо барибир кейинчалик телеканал ходимлари тасвирга олишни давом эттирган. Матбуот котиби камера хотира картасини (флешка) олмаганлигини, ютиб юбормаганлигини, бу гаплар асоссиз эканлигини билдирди. Бироқ, тасвирга олманглар, одамлар тарқалсин кейин ташкиллаштириб бераман, деб операторга айтиб, камерага тегинганини айтди.

«My5» телеканали мухбири Отажон Раббонақулов ҳам бошида туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари тасвирга олишга қаршилик кўрсатганлигини, кейинчалик эса мухбир туман ҳокими ва бошқа бир қатор фуқаролардан интервью олганлигини, матбуот котиби билан бозор ҳудудини бирга (бошқа фуқаролар иштирокисиз) тасвирга олишганлигини билдирди. Камера хотира картасини (флешка) матбуот котиби олганлигини ўз кўзи билан кўрмаганини, бошқалардан бу ҳақда эшитгани ҳамда ўзи тайёрлаган лавҳада ҳам ва бошқа нашр мухбирлари билан суҳбатда флеш-хотира ютиб юборилди деган сўзни ишлатмаганлигини баён этди. Камеранинг ишдан чиққанлиги важи бўйича эса айни пайтда фотокамера ишлаб турганлигини, бироқ тасвир сифати бироз пастлигини (тасвирлар қорароқ) айтди.

Ўрганиш якунида иккала томонга ҳам қонунчилик талаблари ва тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Иштихон тумани ҳокимининг 2021 йил 16 июндаги фармойиши билан Бобоев Илҳомжон Исоқовичга “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилганлиги маълум қилинди.

«My5» телеканали мухбири Отажон Раббонақуловга эса телеканал мулкига зиён етказилганлиги важи бўйича асос мавжуд бўлган ҳолатда судга мурожаат қилиш зарурлиги тушунтирилди. Мухбир эса камера бузилганлиги ҳолати бўйича судга мурожаат қилмаслигини, даъвоси йўқлигини билдирди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.