Саудиялик шаҳзода ўлим жазосига маҳкум қилинди

Улашиш:

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг жияни - шаҳзода Фаҳд бин Турки бин Абдулазиз ҳарбий суд томонидан ўлим жазосига маҳкум қилинди. У давлатга хиёнат қилишда айбдор деб топилган.

Форс кўрфази давлатларини ўрганиш бўйича Вашингтон институти (Gulf Institute) нинг шаҳзоданинг яқинларидан бирига таяниб хабар беришича, шаҳзода Фаҳд подшоҳ Салмон ва унинг ўғли – валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни тахтдан четлатиш мақсадида ҳукуматга қарши тўнтарувни ташкиллаштиришга алоқадор деб ҳисобланмоқда.

Аввалроқ Ямандаги урушда Саудия Арабистони кучларига қўмондонлик қилган шаҳзода ўғли Абдулазиз билан бирга 2020 йил сентябрда ҳибсга олинган.

Институт томонидан сўралган мутахассислар шаҳзоданинг ҳибсга олинишига валиаҳд шаҳзода Муҳаммад алоқадор, деб ҳисоблашмоқда. Таъкидланишича, валиаҳд шаҳзода мамлакатда гўёки иқтисодий вазият тобора ёмонлашиб бораётгани сабабли шу йўл билан шаҳзода Фаҳд оиласини давлат ғазнасини тўлдиришга мажбур қилмоқчи.

Бу Саудия Арабистони подшоҳлик оиласи билан боғлиқ биринчи можаро эмас. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад, шунингдек, шаҳзода Мансур бин Мукриннинг ўлимига алоқадор деб ҳисобланади. Шаҳзода Мансур 2017 йилда бахтсиз ҳодиса оқибатида вертолётда ҳалокатга учраган. Бироқ норасмий версияга кўра, шаҳзода Мансур валиаҳд шаҳзодага ишловчи ва диссидентларни бартараф этишга жавобгар “Йўлбарс” (Tiger Squad) махсус отряди томонидан йўқ қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.