Рўзиқул Бердиев: "Мухлисларсиз футбол завқини йўқотаркан"

Улашиш:

Кеча 8-турнинг қолдирилган ўйини доирасида воҳа дербиси номи остида ўтган  “Насаф” – “Машъал” тўқнашувида мезбонлар ягона гол эвазига ғалаба қозонди.

Беллашувдан кейин қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Мухлисларсиз ўйин завқини йўқотаркан. Қанақадир футбол ҳам бошқача бўларкан. Лекин бунга мажбурмиз. Бугунги рақибимизни ўрганганимизда жисмонан яхши эканлигини билгандик. “Машъал” бошқа жамоаларга нисбатан кўпроқ югуришидан хабардор эдик. Шу сабабли бугун бироз қийналдик ва асосан натижа учун ўйнадик. Чунки жамоамизга натижа жуда муҳим эди. Давралар оралиғини яхши ўрин билан якунлаш биз учун қизиқ эди. Мазмунли ўйнамаган бўлсак ҳам уч очкога эга бўлдик.

- Футболчиларда шижоат кўринмади. Улар эртароқ таътилга чиқдик деб ҳисоблашдими?
- Балки бу ҳолатлар ҳам бордир. Чунки ҳамма жамоалар таътилга чиқиб кетди, биз бўлса ҳали ҳам ўйнаяпмиз. Бу нарса албатта руҳан таъсир қилиши турган гап. Барибир бугун йигитлар ғалабага ҳаракат қилдилар.

- “Насаф”га легионер ўйинчи бўйича таъқиқ қўйилган...
- Озгина қарзимиз бор экан. Буни клубимиз тезроқ ҳал қилади. Ўйлайманки, федерация ҳам биз тарафда бўлади. Халқаро ўйинларда муносиб қатнашишимиз керак. Бунинг учун режадаги ўйинчиларимизни олишимиз керак. Кўз остимизга олиб қўйган легионер ҳужумчи билан шартнома тузганимиздан кейин оммага эълон қиламиз.

- “Насаф” “Машъал”дан ҳам легионер ўйинчи оладими?
- Йўқ. Уильямс биз билан шуғулланиб турибди. Лекин уни “Машъал” билан шартномаси бор. Клублар ўзаро келишса ҳал қиламиз. Биласизлар, “Насаф” ижарага ўйинчи олмайди. Чунки бир марта ёмон ҳолатга тушиб қолдик. Сардор Абдураимов билан Ҳумоюн Муртазоевни олганимиздан кейин бир йил ўтиб, уларни яна биз билан бир йиллик шартномаси бор дейишгач, бошқа ижарага футболчи олмайдиган бўлдик. Кўп ўйинчиларни бизда ижара асосида ўйнасин деб таклиф қилишади. Бунга рози бўлмаймиз. Негаки, ўйинчи ўзимизники бўлиши ва уни тарбиялашимиз керак.

- Лекин “Насаф” бир қанча ўйинчиларни рақибга берган...
- Албатта, биз уларни текинга берганмиз. Бизнинг футбол мактабидан етишиб чиқиб ўйнаётганлар 6-7 та. Лекин ўшаларни ҳам ўзимизни тарбияланувчимиз деб мақтанишади. Майли, уларда ўйнаяпти, ўйин амалиётига эга бўляпти, бундан хурсандмиз. Лекин кўпчилик уларни бизнинг футбол мактаби тарбияланувчилари эканини билишмайди.

- Мухлислар орасида битта гап юради: “Насаф” ва “Машъал” бир-бирига футболчи беришда жуда қаттиққўл дейишади. Бу ростми?
- Олдин ҳам айтардим, “Машъал” бизга дерби сифатида жиддий қарайди. Буни амалда бугун ҳам кўрдинглар. Баъзида керак бўлмаган футболчиларни улардан биз олардик. Ўсишга эришган ўйинчилар бор, Сайфиев, Суюнов, Мусаев...Биздан ўтган ўйинчилар уларга яхши ёрдам беряпти. Баъзида муҳим ўйинчиларни бермаймиз-ку, аммо футболчи алмаштириб турилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.