Идоралараро тариф комиссиясига иқтисодиёт ва молия вазири раҳбар бўлди

Улашиш:

Ўзбекистонда электр ва иссиқлик энергиясига тарифларни тартибга солиш билан шуғулланувчи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев раҳбар этиб тайинланди. Илгари бу лавозимни бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров эгаллаб келаётган эди.

Шавкат Мирзиёев 10 февралдаги фармони билан электр ва иссиқлик энергияси, шунингдек, электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш хизматлари тарифларини тартибга солувчи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси таркибига ўзгартириш киритди.

Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев комиссия раиси, энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев эса раис ўринбосари этиб тайинланди.

Комиссиянинг бошқа аъзолари: қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов, транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов, адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Шахруҳ Шараҳметов ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари (ҳозирча лавозим бўш қолмоқда).

Бунгача комиссия раҳбари сифатида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, собиқ молия вазири Тимур Ишметов эса унинг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Тартибга солинадиган тарифларга қуйидагилар киради:

  • ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган электр ва иссиқлик энергиясига тарифлар;
  • тақсимловчи ташкилотлар томонидан қўлланиладиган электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш учун устама;
  • истеъмолчиларнинг турли гуруҳлари учун электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ белгиланадиган электр энергияси тарифлари.

Эркин (тартибга солинмаган) электр энергияси тарифларига халқаро шартномалар бўйича сотиб олинган ва сотилган электр энергияси, шу жумладан, миллий тармоқлар орқали давлатлараро транзит учун тарифлар киради.

Электр энергияси тарифлари уни ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш учун оқилона харажатлар асосида, операцион ва капитал харажатларни тўлиқ қоплаш ва рентабелликни камида 10% ва 20% дан ортиқ бўлмаган диапазонда сақлашни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади. Рентабеллик соф фойда миқдорини электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар йиғиндисига бўлиш йўли билан аниқланади.

Комиссияни ташкил этган ҳукуматнинг 2019 йил 15 апрелдаги қарорида илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда 2023 йилгача тарифларни белгилаш методологиясига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 2023 йилдан бошлаб белгиланган тартибда тасдиқланган электр энергияси тарифлари камида уч йил муддатга амал қилиши режалаштирилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.