Виталий Денисов: "Терма жамоадан кетганим йўқ, аммо..."

Улашиш:

Фаолиятини "Балтика" жамоасида давом эттираётган ҳамюртимиз - Виталий Денисов клуб расмий сайти учун интервью берди. Суҳбат давомида футболчи терма жамоадаги фаолияти борасида ҳам фикр билдириб ўтди.

Янги клуби ҳақида
"Жамоага келишим билан ички атмосфера аъло даражада эканлигини пайқадим. Машғулотларда тартиб-интизом бор. Барча ўз ишини масъулият билан олиб боряпти. Жамоадошларим билан тезда тил топишиб кетдим. Бош мураббий талаб қилаётган кенг кўламдаги ишни амалга оширишга тайёрман. Осон бўлмаслиги аниқ, лекин бу футбол."

29-рақам тарихи
"Днепр"дан "Локомотив"га ўтгач, 19-рақамни олишни истадим. Aфсуски, бу номер Aлександр Самедовда эди. У даврларда Саша билан дўст эмас эдик. Тўғри, бир неча бор тўқнаш келган бўлишимиз мумкин, аммо бу рақамини сўраб олишим учун камлик қилишини англадим. Ноиложликдан 29-рақамни олдим. Шу тариқа, Россиядаги барча жамоамда шу сон туширилган футболкаларда тўп сурдим."

Терма жамоа ҳақида
"Мен Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолиятимни якунлаганим йўқ. Кетганим ҳақида расмий маълумот берилмади ҳам. Балки, Ўзбекистонда кимдир менинг ўрнимга МТЖдаги фаолиятимга нуқта қўйгандир. Менда терма жамоадан кетиш ҳақида фикр уйғонгани ҳам йўқ. Aфсуски, биз Саудия Aрабистонига мағлуб бўлиб ЖЧ йўлланмасини қўлдан бой бердик. 3:0 ҳисоби 4 йиллик орзуларимизни барбод қилди. Терма жамоага чақирилмаганим сабабини билмайман. Мен у ердагиларнинг ҳеч бири билан ёмон муносабатда бўлмаганман, ҳеч ким билан уришмаганман. Термага чорлов олмаганимни тўғри қабул қилдим. Бош мураббий мени ўз жамоасида кўришни истамаган бўлса, бу нормал ҳолат. Сўнгги қарорни у қабул қилади. Натижага ҳам у жавоб беради. Мени МТЖга чақирмагани учун ундан хафа бўлишим ноўрин."

Келажакдаги режалари ҳақида
"Яқин 6 ой ичида максимал натижага эришишни кўзлаяпмиз. Қўлимдан келганча жамоамиз учун наф келтириш ниятидаман. Майдон ичи ва ташқарисида мендан ғалаба учун нима талаб қилинса, барчасини бажаришга тайёрман. Вазиятдан фойдаланиб, "Балтика" клуби мухлисларига мурожаат этмоқчиман: "Сизларни бизнинг илк уй учрашувимизда кўриш ниятидаман. Келинг ва бизга мухлислик қилинг! Барчангизни янги футбол мавсумида кутиб қоламан".

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.