Омбудсманга қайси ҳудудлардан энг кўп шикоятлар келаётгани бўйича маълумот берилди

Улашиш:

АОКАда ўтган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил — Омбусдман Матбуот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова Омбудсманнинг 6 ойлик фаолияти ҳақида маълумот тақдим этди.

Айтилишича, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Вакил номига 9632 та мурожаат қабул қилинди 2020 йилнинг ҳудди шу даврида бу кўрсатгич 6 484 тани ташкил этган.

Мурожаатларнинг 39,9 фоизи фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 30,4 фоизи ижтимоий, 24 фоизи иқтисодий, 5,1 фоизи сиёсий ва 0,4 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри аҳолисидан бўлди – 1263 та. Бу кўрсаткич Қашқадарё вилоятида 1093 тани, Сурхондарё вилоятида 873 тани, Тошкент вилоятида 729 тани, Самарқанд вилоятида 600 тани ташкил этди, энг кам мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикасида 159 та ва Навоий вилоятида 192 та қайд этилди.

Мурожаатлар моҳияти ва мазмунини ўрганиш якунлари бўйича 983 нафар мурожаат этувчининг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш бўйича кейинги чора-тадбирлар тўғрисида батафсил ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди, шунингдек тегишлилиги бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларга 2 653 та хатлар юборилди. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан салкам 6 мингта мурожаат ўз иш юритувига олинди.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тавсиялар берилган 22 та хулоса ҳамда 9 та тақдимнома киритилди ва уларнинг барчаси қаноатлантирилди. Бундан ташқари, судга 6 та даъво аризаси киритилган.

Омбудсман томонидан киритилган тақдимномалар вазирлик ва идораларнинг кенгайтирилган мажлисларида муҳокама қилинган. Мазкур муҳокамалар якуни бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ижро интизоми талабларини бузган ва ўз фаолиятида масъулиятсизликка йўл қўйган 77 нафар ходимга нисбатан ҳайфсан, 6 нафар ходимга нисбатан жарима қўлланилган ва 5 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласи бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Омбудсман мурожаатига асосан тегишли ташкилотлар томонидан 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилди, масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 23 та текширув ўтказилди, 16 нафар давлат идоралари ходимлари турли даражадаги жавобгарликларга тортилди, суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 2 та протест киритилди ҳамда мурожаат қилувчилар манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 26 та қарор бекор қилинди.

Омбудсман ходимларини судда кузатувчи сифатида иштирок этишини сўраб ёзган мурожаатларига асосан ҳисобот4 даврида 45 маротаба суд жараёнларида иштирок этилган.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсман манзилига фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ мурожаатлар 221 тани ташкил этди. Келиб тушган шикоятлар фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаат қилиш ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлиб, 99 та шикоятда масъул мансабдор шахслар томонидан эътиборсиз қолдирилиши, 14 та шикоятда кўриб чиқиш муддатларининг бузилиши ва 39 та шикоят давлат органлари ва муассасалари жавобларининг мазмунидан қониқмаслик ва бошқа ҳолатлар баён этилган.

Шу билан бирга, Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ва ундан чиқиш билан боғлиқ 32 та мурожаат, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари билан боғлиқ 8 та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича судларга деярли 98 млн. сўм меҳнат ҳақини ундиришга қаратилган 5 та даъво аризаси киритилди, 24 нафар фуқарога 345,8 млн. сўмлик меҳнат ҳақи тўланиши таъминланди, 10 нафардан ортик фуқаро ишга тикланди, 2 нафар фуқарога иш жойида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун 4,4 млн. сўмлик соғлигига етказилган зарар ундирилди, шунингдек фуқароларга 108 млн. сўмлик кредитларни расмийлаштиришда кўмаклашилди, мурожат этувчилар фойдасига суд қарорларида белгиланган 164,8 млн. сўмлик зарар ундирилди, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 9 та фуқарога уй-жой ажратилишида ёрдам берилди, тадбиркорларга 135 млн. сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб беришда кўмак кўрсатилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.