Тадбиркорларга 903 млн сўмлик нореал қарздорлик ҳисоблаган «Ҳудудгаз Жиззах» ходимларига нисбатан жиноий иши қўзғатилди

Улашиш:

Жиззахда тадбиркорларга катта миқдорда нореал қарздорлик ҳисоблаган «Ҳудудгаз Жиззах» ходимларига чора кўрилди, дея хабар бермоқда Бизнес-омбудсман матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари уларга нисбатан ноқонуний равишда қарздорлик ҳисоблангани ва улар асоссиз газ тармоғидан узилганидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Аниқланишича, «Ҳудудгаз Жиззах» ходимлари томонидан табиий газ сарфини ҳисобга олувчи Fossa дастурига юқоридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳисобига қарийб 903 миллион сўмлик нореал қарздорлик киритилган.

Ушбу ҳолат юзасидан бизнес-омбудсман томонидан «Ҳудудгаз Жиззах» газ таъминоти филиали мансабдор шахслари ва бошқаларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш таклифи вилоят прокуратурасига юборилди.

Бизнес-омбудсманнинг таклифи бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилиб, натижада «Ҳудудгаз Жиззах» газ таъминоти филиали, «Ҳудудгаз Метрология» филиали Жиззах бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.