Ўзбекистон президенти сайловларида кузатув камералари ҳар-бир шаҳар ва тумандаги фақат битта участкада ўрнатилади

Улашиш:

24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловларида кузатув камералари ҳар-бир шаҳар ва тумандаги фақат битта участкада ўрнатилади.

"Бугунги кунда ҳорижий тажриба ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳар-бир туман ва шаҳардаги 1 тадан намунавий сайлов участкаларида 2 тадан камералар ва зарурий қурилмаларни ўрнатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Рақамлар билан айтадиган бўлсак, 207 та туман ва шаҳарларда жами 414та кузатув камералари ўрнатилиши белгиланган. 2019 йилга нисбатан бу 147% кўпроқ дегани", – деди Марказий сайлов коммиссияси раисининг ўринбосари Бахром Қўчқоров.

Унинг айтишича, 414 та видеокузатув камералари ўрнатиладиган 207 та сайлов участкаларни маҳаллий ҳокимликлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда танлаб олинган ва уларнинг рўйхатлари шакллантирилган. Шунингдек, 2019 йилдаги парламент сайловларида 60 та сайлов участкага 120 та видеокузатув камералари ва зарурий қурилмалар ўрнатилганлиги айтилди.

“Таклиф этилаётган сайлов участкаларга видеокузатув камералари ўрнатилиб, овоз бериш жараёнлари Марказий сайлов комиссиясининг Saylov2021.uz сайлов портали, Матбуот марказидаги катта ҳажмдаги мониторда ва “Ўзбекистон24” телеканалида ҳамда Марказий сайлов комиссияси биносида онлайн трансляция қилиб борилади. Трансляция вақти 24 октябрь куни соат 8.00 дан 20.00 гача белгиланган”, -деди Қўчқоров.

Эслатиб ўтамизки, жами мамлакатда 10800та сайлов участкалари фаолият кўрсатади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.