Тошкентдаги 110-сонли мактабнинг кийиниш хонасида кузатув камералари ўрнатилган. Мактаб маъмуриятининг айтишича, бу ўғриларни топиш учун қилинган экан

Улашиш:

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Миробод туманидаги 110-сонли мактабдан олинган видео тарқалди. Кийиниш хонасида ўрнатилган кузатув камералари ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини ғазаблантирган. Айрим фойдаланувчиларнинг фикрича, бу камералардан олинган лавҳалар Интернетга тушиб қолиб, ўқувчиларни “шантаж” қилиш манбаига айланиши мумкин. ХТВ бу миш-мишларни инкор қилиб, камералар фақат ўғриларни топиш учун ишлатилишини айтган. 

Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи ушбу ҳолатни ўрганиб чиққан. Натижада аниқланишича, камера ўрнатилиши ортида мактаб маъмурияти турган экан.

Мактаб директори ўғирлик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек ўқувчиларнинг интизомини мустаҳкамлаш учун камерани ўрнатишга рухсат берган. Унинг сўзларига кўра, кийиниш хонасида бир неча бор мобиль телефонлар, заргарлик буюмлари ва пуллар йўқолган. Бундай нохуш ҳолатлар бўйича қайта-қайта ички ишлар органлари вакиллари ва ота-оналар иштирокида баённомалар тузилган.

"Ушбу камера фақат юқорида айтиб ўтилган салбий ҳолатларнинг сабабларини аниқлаш учун мўлжалланган. Камера томонидан ёзиб олинган лавҳалар оммага тақдим этилмаган, видеокузатув фақат директор хонасига ўрнатилган пульт орқали амалга оширилади. Таълим муассасасидаги барча 250та видеокузатув камералари мактаб директори томонидан қатъий назорат қилинади", - дея таъкидлади ХТВ.

Шов-шувдан сўнг кейин мактаб маъмурияти камерани олиб ташлашга қарор қилган.

Шунингдек, ХТВнинг маълум қилишича, ота-оналар муаммони ижтимоий тармоқлар орқали эмас, бевосита мактаб маъмурияти билан боғланиб ҳал қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Вазирликнинг фикрига кўра, бундай ёндашув этика қоидаларига мос келмайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.