Истиқлол мажмуаси қурилганидан икки ой ўтгач, у таъмирланмоқда. Суратлар тармоққа чиқди

Улашиш:

“Янги Ўзбекистон” боғидаги Истиқлол мажмуаси   қурилганидан икки ой ўтгач, таъмирлаш ишлари бошланган. Суратлар тармоққа чиқди.  

Фойдаланувчиларнинг ёзишича, бу мажмуани Мустақиллик кунига топиширишга улгуриш учун шошма-шошарлик қилингани боис, технологияга риоя қилинмаган ва сифатсиз махсулотлардан фойдаланилган бўлиши мумкин.

Бу маълумотни боғ маъмурияти қуйидагича изоҳлаган. Аниқланишича, объект қурилиши Туркиянинг Outdoor Factory Acik Hava Fabrikasi компаниясига топширилган. Компания вакили Синан Тураманнинг сўзларига кўра, таъмирлаш ишларининг бошланишига пандемия ва қурилишнинг қисқа муддатлари таъсир қилган.

“Қурилиш компанияси олдига қисқа муддат ичида бу монументни барпо этиш вазифаси қўйилган. Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли Туркияда жорий қилинган карантин чекловлари боис, мутахассислар ва хом-ашёни ўз вақтига Ўзбекистонга келтира олмадик. Бунинг натижасида   монументнинг тарихий шахсларни акс этган    қисмлари охиригача ўрнатилмади. Муддат қисқалиги учун қолган ишларни Мустақиллик кунидан   сўнг бажариш режалаштирилди”, - дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига қараганда,   айни пайтда коронавирус бироз чекингани учун режа қилинган ишларни якунлаш имконияти пайдо бўлди. Шу билан бирга, мазкур таъмирлаш   ишлари учун буюртмачи томонидан қўшимча маблағ ажратилмайли ва кафолат сифатида амалга оширилмоқда.

Бу қанақа объект?

Истиқлол ҳайкали 1 сентябрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманида очилган “Янги Ўзбекистон” боғининг марказий объекти ҳисобланади. Боғ йирик дарахтнинг бешта шохасини акс этиб, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларини ифодалайди.

Монументнинг ўзи эса боғнинг марказида жойлашган улкан стела бўлиб,   унинг тепасида қанотларини ёзган ва озодлик, эзгулик ва фаровонлик тимсоли бўлган мағрур Хумо қуши тасвирланган. Шунингдек, бу ердан Ўзбекистоннинг тарихий шахслари- саркардалар, олим ва мутафаккирлар қиёфаси ўрин олган.

Илгари бу стела Тошкент шаҳрининг марказида, МУМ ёнидаги боғ ичида қурилиши лозим эди. Бироқ, жамоатчиликнинг Тошкентдаги сўнгги яшил ҳудуднинг бузилишга қарши   билдирган норозилиги туфайли, янги боғ ва стела шаҳардан чекка жойда қурилди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.