Бўстонлиқ ва Зоминда ўрмон ёнғинларини бартараф этувчи отрядлар ташкил этилади

Улашиш:

Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг самарали тизими яратилади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳасида белгиланган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, Бўстонлиқ ва Зомин туманларида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўрмон ёнғинларини бартараф этишга ихтисослашган отрядларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шунингдек, ўрмон ёнғинларини бартараф этишга ихтисослашган идоравий бўлинмалар ёнғин ўчириш асбоб-анжомлари ва техникаси билан босқичма-босқич жиҳозланади.

Бундан ташқари, маҳаллий шароитларда ишлаб чиқариш имкониятига эга ёнғин-техник воситалар ва ишлаб чиқарувчилар рўйхатини шакллантириш, давлат стандартлари асосида хусусий секторни жалб этган ҳолда ёнғин-техник воситаларини ишлаб чиқариш юзасидан тадқиқотларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятининг Зомин тумани «Дуоба» қишлоқ фуқаролар йиғини Ўриклисой қишлоғи яқинидаги ўрмон ҳудудларида 2021 йил 1 август куни йирик ёнғин юз берганди. Соат тахминан 10:40 да бошланган ёнғин салкам саккиз соатдан сўнг ўчирилган. ФВВ маълумотларига кўра, 80 гектар майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнган. Оловни ўчиришга 1600 га яқин одам жалб этилган. Кейинроқ президент Шавкат Мирзиёев ёнғин «бир бойваччанинг ўғли» сабаб содир этилганини маълум қилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.