Ҳокимлик Тошкентнинг “ёш харитаси”ни ишга туширган. Эндиликда шаҳардаги ҳар-бир бино ёшини онлайн тарзда билиб олиш мумкин.
Age Tashkent лойиҳасидан https://age.tashkent.uz/ манзили орқали фойдаланиш мумкин. Лойиҳадан фойдаланиш бўйича оддий йўриқнома: харитадан қизиқтирган бинони топинг, унга босинг ва керакли маълумотларга - қурилиш санаси, бинонинг тури (турар жой биноси, маъмурий бино) ва бошқа маълумотларга эга бўлинг.
Қурилган йилига қараб барча бинолар турли рангларда белгиланган. Экраннинг ўнг қисмида берилган диапазондаги, масалан, 1944 ва 1998 йиллар оралиғида қурилган биноларни кўрсатиб турувчи “градусник” жойлашган.
Биноларнинг ранги ҳам тасодифан танланган эмас. Қадимгироқ бинолар тўкилувчи материаллар – улар қурилишида қўлланилган сомон ва лой рангида акс эттирилган. Собиқ СССР даврини оловранг ва қизил ранг акс эттирса, 1966 йилдаги ер қимирлашидан кейин пайдо бўлган метро кўк рангда намоён бўлади. Мустақиллик йилларига оч ҳаворанг белги бўлса, янги Ўзбекистон даври яшил рангда бўялган.
Экраннинг чап қисмидаги қулф белгисига босиб “Сирли хонани” очинг, у Тошкентнинг чегараларини йилидан келиб чиқиб, кўрсатиб бера олади. Унда барча туманлар, шаҳар атрофидаги қалъа девори, 12 та дарвоза, шунингдек, маданий мерос объектларининг археологик ҳамда кўчаларнинг замонавий номлари кўрсатилган.
Қурилмалар ёшини визуаллаштириш лойиҳасини Нидерландияда ишлаб чиқилган, сўнгра Европа ва Россияда кенг тарқалган Building Age Maps челленжи илҳомлантирган. Бинолар ёшини кўрсатувчи бундай интерактив карта пайдо бўлган илк Марказий Осиё мамлакати эса Ўзбекистондир.
Лойиҳа Тошкентнинг бой тарихи, унинг меъморий ва археологик меросини шахсан кўриб, ҳақиқий баҳо бериш имкониятини яратади.