Авлодларга нима қолдираяпмиз?

Улашиш:


Кейинги йилларда Жиззах шаҳрида кўпгина ўзгаришларга гувоҳ бўлиб келаяпмиз. Баъзи бинолар бузилаяпти ва ўрнига бошқа бино қад ростлаяпти. Баъзилари эса гарчи 5-10 йил аввал қайта реконструкция қилинган бўлса ҳам, яна бир бор реконструкция қилинаяпти. Бу ҳозирча бошқа мавзу.

Мен бугун сизларга Жиззахимиз учун “муҳим” деб ҳисоблайдиган муаммони тақдим қилмоқчиман.

Жиззах шаҳри бошқа Ўзбекистон шаҳарларига қиёсланганда анча кичик, бу фактдан ҳеч ким юз ўгира олмайди. Кейинги йиллардаги ўзгаришлар эса шаҳримизнинг майдони катталашишига ва унинг гўзаллашишига сабаб бўлаяпти. Лекин мени бир савол қизиқтираяпти. Биз шаҳримиз учун қадрли бўлган жойларни бузиб, ўрнига янги қураяпмиз. Бу ҳаракатимиз билан ўз тарихимизни ўзимиз ўчириб қўймаяпмизми?

Келинг “Вақт автобуси”га минамизда, шаҳримиздаги бекатларга бирма-бир тушиб, таҳлил қилиб чиқамиз.

Биринчи бекат бу Хўжа Нуриддин ҳожи мадрасаси - Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейига айлантирилди. Бу бино ҳам бошқа реконструкция қилинган бинолар каби шаҳримизга ўзига яраша кўрк бериб турибди. Аммо, лекин, бироқ. Бу жой тарихий жой эмасмиди? Шу жойни “Жиззахтуризм” деган ҳар замонда бир ўзини кўрсатиб турган ташкилот таклиф билан чиқиб, ўз ҳолича қолдириб, икки аср муқаддам қурилган бинодаги хужраларнинг ичига шаҳримизнинг шонли тарихида қолган суратларни йилларга бўлиб қўйса бўлмасмиди? Ҳалигача Жиззах қўзғолони ҳақида ёш авлодга тушунча берадиган музей йўқ шаҳримизда. СССР даврида ва ундан сўнгги йилларда шаҳримиздаги ўзгаришларни тасвирлаб берадиган суратлар қанчадан-қанча аҳир? Жиззахга келадиган туристлар замонавий шаҳарни ва Шароф Рашидов музейини кўриб қўя қолмасдан, Хўжа Нуриддин мадрасасида ташкил қилинган Жиззах музейидаги суратлардан баҳраманд бўлса бўлмасмиди? Хўш, “Жиззахтуризм” вакиллари сиз бунга нима дейсиз?

Кейинги бекат Хўжа Нуриддин Ҳожи мадрасасидан 200 метр узоқликдаги Ўзбекистон меҳмонхонасига келиб тушамиз. Шу меҳмонхона ёнида бир вақтлари қанчадан-қанча дарахтлар қад ростлаб турар эди? Нега уларни кесишди? Аҳир бу жой сўлим ва соя жойлардан эмасмиди?

Учинчи бекат бу “Оқ бозор”. Бир неча ўн йиллар аввал қурилган ва йиллар давомида ишламай келган, лекин жиззахликлар учун қадрдон бўлган курант соатлар ҳам бузила бошлади. Ўрнига янги ва кўп қаватли дом қурилаяпти экан. Майли, бунга қаршилигим йўқ. Лекин шу бинони асраб қолишни наҳотки иложиси бўлмаган бўлса? “Оқ бозор” ойнасидаги, бир вақтлари Жиззахимизда илк бор ҳаво тўлқинларига узатилган “Tasanno FM” радиосининг “логотипи” энди кўздан ўчди. Дилшод ака, Жаҳонгир деган йигитлар асос солган хусусий радио ўз-ўзидан ғойиб бўлди. “Оқ бозор” ойналаридан фойдаланган ҳолда уларга шаҳримиз яқин тарихини муҳрлаб, у жойни ҳам “диққатга сазовор” жойга алмаштирсак бўлмасмиди?

Тўртинчи ва сўнгги бекатлар бу Ҳамид Олимжон ва Ғалларол туманидан Жиззах шаҳрига кириб келаётган қад ростлаб турган, “Боғишамол” парклари. Бу парклар жиззахликлар учун қадрдон гўшалар десам адашмаган бўламан. Афсус, кейинги йилларда бу парклар аста – секин йўқолиб бормоқда. Тасаввур қилиб кўринга, Жиззах шаҳрига Самарқанддан кириб келаётган меҳмонлар ёки туристлар “Боғишамол” паркига кириб, у жойнинг ҳолатини кўриб, қай аҳволга тушади? Шаҳримиз ҳақида қандай таассурот пайдо бўлади?

Воҳамизда қурилаётган янги биноларга ҳеч қандай эътироз йўқ. Лекин, ҳадеб жиззахликлар учун қадрдон бўлган, яқин тарихимизни кўрсатиб турган биноларни бузиб ташласак, эртага ёш Жиззах авлодига нима деймиз? Уларга қайси тарихни кўрсатамиз.

Хулоса қилиб айтганда, мен 10 000 сонли “Жиззахликлар Ҳамжамияти” гуруҳи аъзолари номидан Жиззахимиз мутасаддиларидан юқоридаги таклиф ва танқидларга эътиборлироқ бўлишларини сўраб қолар эдим. Ўз тарихимизни ўзимиз кўммайлик азиз жиззахликлар.

Садиков Насим

www.sadikov.uz

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.