Республика туман ва шаҳарлари ҳокимликларининг қарийб 20 фоизи расмий веб-сайтлари ишлашини таъминламаяпти

Улашиш:

Ўрганилган 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 35 тасида расмий веб-сайти ишламаяпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Правда Востока» газетаси тарқатган маълумотларда қайд этилишича, бу Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги Раёсат мажлисида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг масъулияти тўғрисидаги масала муҳокамаси чоғида қайд этилди.

Таъкидланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар ижроси, бюджет маблағларидан фойдаланиш, ўтказилган очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари, оммавий тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар расмий веб-сайтларда эълон қилиб борилиши керак. Бироқ деярли барча вилоятлар ҳокимликлари (Жиззах вилоятидан ташқари) веб-сайтида долзарб бўлган очиқ маълумотлар ва жамоатчиликни алоҳида қизиқтирадиган мавзулар бир ойдан уч ойгача янгиланмаган. Қолаверса, веб-сайтларда ахборотни янгилаб бориш даврийлиги ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак. Бироқ, ўндан ортиқ давлат органи ва ташкилотлари, жумладан, Халқ таълими вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан очиқ маълумотлар ўн кундан бир ойгача кечиктириб эълон қилинмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати юзасидан ишларни етарли ташкил этмагани, ОАВ ва жамоатчилик билан алоқаларни тизимли йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси А.Абдувалиев ва Андижон шаҳри ҳокими Б.Ҳайдаров огоҳлантирилди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.