Жиззахда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президент табриги етказилди

Улашиш:

Иккинчи жаҳон уруши арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган, 1,5 миллиони урушда бевосита иштирок этган. Болалар, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, аҳолининг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, урушда қатнашган.

Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган.

Уларнинг сафида 39620 нафар Жиззахнинг мард ўғлонлари елкама-елка туриб қонли жангларда фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссаларини қўшишди.

Бугун вилоятимизда қирқ мингга яқин иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан 8 нафари фарзандлари ва эл-юрт ардоғида истиқомат қилмоқдалар.

Ғаллаороллик Отабой Амонов ўрта мактабни тугатар-тугатмас қўлига қурол олиб, 1942-1949 йилларда Украина фронтида, Венгрия, Польша, Руминия давлатларида кечган қонли урушда қатнашди. Фидокорлиги ва урушда кўрсатган жасорати учун собиқ иттифоқнинг турли орден ва медаллари, Ватанимизнинг юксак мукофотлари “Шон-шараф” медали ва “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Урушдан сўнг, тиклаш, таъмирлаш, қайта қуриш ишларида иштирок этди. 1949 йилдан Отабой бобо киндик қони тўкилган Ғаллаорол заминига қайтиб, қарийб 36 йил туман сув хўжалигида оддий ишчи ходим бўлиб фаолият юритди.

Умр йўлдоши Ойзода момо билан 66 йил бирга яшаб, 8 нафар фарзандни вояга етказди. Бугунги кунда бу пиру бадавлат нуронийлар фахр ва файз билан 60 нафар невара, 100 дан ортиқ эвара ва чеваралар ардоғида яшамоқда.

Ҳозирда фарзандларининг барчаси халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилиб, эл корига яраб, мамлакатимиз иқтисодиёти равнақи йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.

 

 

 

 

 

 

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Отабой бобонинг хонадонига Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Ташпулатов, Ғаллаорол тумани ҳокими Жалолитдин Оқбоев, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги масъуллари ва жамоатчилик вакиллари бориб, отахонни байрам билан табриклашди. Уруш қатнашчисига Президентимизнинг байрам табриги, “Мустақиллик монументи” статуэткаси ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Отабой Амонов уруш азоб-уқубатлари, бугунги тинч-тотув ҳаёт қадри ҳақида сўзлаб, юртимиз тинчлиги, ободлиги бардавом бўлишини тилаб дуога қўл очди.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.