Иккинчи жаҳон урушининг боришини ўзгартирган жанг. Ўзбекистонда Сталинград яқинидаги қарши ҳужумнинг 80 йиллиги қандай эсланмоқда?

Улашиш:

Бугунги кунда собиқ Иттифоқнинг барча республикалари учун муҳим сана нишонланмоқда – 80 йил олдин совет қўшинлари Сталинград яқинида қарши ҳужумни бошлашган эди. Ўшанда    300 минг немис аскари  қуршовга олиниб, бу жанг Иккинчи жаҳон урушининг боришини ўзгартириб юборган. Ўзбекистонлик жангчилар ҳам Сталинград учун шиддатли жангларда сўнмас шон-шарафни қўлга киритишган.

Ўша йилларда Сталинград фронти қўшинлари қўмондони Андрей Еременко "ўзбекнинг юраги - шернинг юраги", - деб ёзган. Биргина "Сталинград мудофааси учун" медали билан 2,7 мингдан ортиқ ўзбекистонлик тақдирланган. Кичик  лейтенант Михаил Кабрибов бошчилигидаги тўққиз  нафар ўзбек, қозоқ ва татар аскарлардан иборат гуруҳ 300  нафар фашистга  қарши тепаликни ҳимоя қилганини  ёки  наманганлик  Камолжон Турғуновни  машҳур қилган Павлов уйи билан боғлиқ шарқ қаҳрамонларининг жасоратини эслаймиз.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон учун ўта муҳим воқеа бўлган.  Бунда нафақат умумий ғалаба учун жонини фидо қилган кўплаб ўзбекистонликларнинг жасорати, балки республикамиз бутун Совет Иттифоқига  кўрсатган маънавий  жасорат намунаси  ҳақида ҳам гапириш ўринлидир. Гап 1,5 миллион нафар эвакуация қилинганларни, шу жумладан 250 мингдан ортиқ болаларни ўз  бағрига олган мамлакатимизнинг оддий кишлари ҳақида кетмоқда. Улар болаларни ўз уйларига жойлаштиришган, том маънода сўнгги нон бурдаси  билан бўлишишган бўлиб, бу ҳолатлар совет ёзувчиларининг кўплаб асарларида акс этган.

Бу Ўзбекистон, Россия, Украина, Белорусия ва бошқа Иттифоқ республикалари халқларига битта тарихий жамоага айланиш, маданий яқинликни сақлаб қолиш, урф-одатларини тушуниш, бир-бирларини "қардош халқлар"деб аташга имкон берди. Ўша йилларда шаклланган маданий-гуманитар алоқалар ва умумий тарихий ўтмиш бугунги кунда мамлакатимизга Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатлари билан уйғун қўшничилик муносабатларини ўрнатишга, тарихан бир неча бор биргаликда енгиб ўтилган инқирозларни биргаликда бартараф этишга имкон беради.

Batafsil.uz мухбири  тарих фанлари номзоди, олий тоифадаги тарих ва ҳуқуқ ўқитувчиси Василий Костецкий билан нима учун нацистлар  Совет Иттифоқ  халқларини миллий асосда ажратишга интилишгани, нега Ғарбда бугунги кунда тарихни сохталаштиришга ва СССР халқларининг фашизм устидан қозонилган ғалабадаги ролини камайтиришга уринишлар қилинаётгани, шунингдек, Ўзбекистонда ўз қаҳрамонлари хотирасини қандай ҳурмат қилишаётгани  ҳақида суҳбатлашди.

- Сталинград жанги Иккинчи жаҳон урушининг умумий жараёнида қандай роль ўйнади?

- Сталинград стратегик мудофаа операциясининг биринчи босқичи 1942 йил 17 июлда бошланиб, 1942 йил 18 ноябргача давом этди. Ушбу жангда жангчилар ва қўмондонлар Совет Иттифоқи маршали Василий Чуйковнинг сўзларига кўра, "инсон кучидан юқори" туюлган вазифаларни бажаришган.

Қизил армиянинг Волгадаги ғалабаси Иккинчи жаҳон уруши пайтида туб  бурилиш ясади. У Совет Иттифоқининг халқаро аҳамияти ва обрўсини, фронтдаги жангчилар ҳамда уруш орти меҳнаткашларининг руҳий ҳолатини  беқиёс кўкка кўтарди. АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельт ҳам ушбу ғалабани юқори баҳолаб,  1943 йил 5 февралда мазкур ғалаба "ушбу халқлар урушидаги энг гўзал боблардан бири" бўлиши ҳақида  ёзган.

- Кўпгина тарихчиларнинг таъкидлашича, Иккинчи жаҳон уруши СССРни бирлаштиришга, қардош халқларнинг қотишмасини яратишга имкон берган. Ушбу фикрга қўшиласизми?

- Бунга тўлиқ қўшиламан. Ахир, уруш бошиданоқ фашистик ташвиқот одамларни миллий асосда ажратиш, "русларни рус бўлмаганларга" қарши қўйиш учун жуда кўп ҳаракатларни амалга оширди. Шу билан бирга, улар буни осонликча амалга оширишларига амин эдилар. Улар "Москвадан озод ва мустақил бўлиш учун" ташвиқот қилдилар. Турли миллат вакиллари ўз қариндошлари ва болаларини хавф остига қўйиб, масалан, яҳудий болаларини, ярадор аскарларни ва турли миллат партизанларини қутқарганларида, нацистилар учун бу  ҳолатлар умуман тушунарсиз бўлиб қолди.

Ўрта Осиё аҳолиси эвакуация қилинган одамларни очликдан қандай қутқаргани ва шу билан ўз фарзандларининг ризқини ярим  қилганликлари фашистларнинг тасаввурига сиғмаган.

Уруш йилларида бир миллат вакиллари бошқа миллат вакилларини қутқарган минглаб мисолларни келтириш мумкин. Уруш йилларида халқларнинг дўстлиги бирлаштирувчи устун, иккинчи жаҳон урушида СССР халқларининг ғалабасини таъминлайдиган ахлоқий тоифага айланди. Фронт ортидаги фидокорона  меҳнат ҳам ғалабага катта ҳисса қўшди. Бир неча ой ичида эвакуация қилинган заводлар қайта тикланди, аксарият аёллар уларда ишладилар. Фронтдаги жанговар биродарлик ва турли миллат вакилларининг меҳнат жасорати совет халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабасининг кафолати бўлди.

- Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба СССР халқларининг умумий ғалабаси. Сизнингча, бу давр Ўзбекистон дарсликларида қанчалик яхши акс эттирилган?

- Албатта, тарих дарсликларига СССР халқларининг, шу жумладан ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида кўпроқ материаллар киритиш  яхши бўларди, аммо бу дарслик доираси билан чекланган. Умид қиламанки, тарих ўқитувчилари, синф раҳбарлари, синфдан ташқари ишлар ташкилотчилари бундай тадбирларни йилига бир марта - Хотира ва қадрлаш кунидан олдин эмас, балки доимий равишда ўтказадилар.

- Сталинград жангида ўзбекистонликларнинг ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб берсангиз.

- Биргина "Сталинградни  мудофааси учун" медали билан 2738 нафар ўзбекистонлик тақдирланган. Сталинград яқинидаги жангларда ўзбекистонликлардан  иборат 33 гвардия ва 112 ўқчи дивизиялари, 90 ва 94 ўқчи  бригадалари, бошқа кўплаб бўлинмалар ва ҳарбий қисмлар қаҳрамонона жанг қилдилар. Волгадаги шиддатли жангларда Ўзбекистонда ташкил этилган бўлинмалар – 389   ўқчи  дивизияси, 128 гвардия Туркистон тоғ -ўқчи  дивизияси, 14  кавалерия дивизияси, шунингдек, 90 ва 94 алоҳида ўзбек ўқчи  бригадалари қаҳрамонлик намунасини кўрсатдилар.

Сталинграднинг қаҳрамонлик мудофааси йилномасида шарқнинг 11 нафар ўғлонининг  жасорати олтин ҳарфлар билан ёзилган. Кичик лейтенант Михаил Кабрибов бошчилигидаги тўққиз  нафар ўзбек, қозоқ ва татарлардан иборат бу гуруҳ тепаликни 300 нафар  фашистга қарши ҳимоя қилишган. Муросасиз жангда аскарлар қаҳрамонона ҳалок бўлишган, аммо фашистларни тепаликка яқинлашишдан  ушлаб туришган  ва шу билан   қўшинларимизга олдинга силжиш ва душманни орқага қайтариш имкониятини беришган. Бу тепалик вафот этган  қаҳрамонлар шарафига "Шарқнинг 11 қаҳрамонининг тепалиги"деб номланган.

Тошкент педагогика институтининг иккинчи курс талабаси Елена Стемпковская душманнинг шиддатли ҳужуми пайтида сўнгги дақиқагача рация олдидаги жойини тарк этмади ва фидойилиги билан батальоннинг жанговар муваффақиятини таъминлади. У вафотидан кейин Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.

Волга ўлкаси учун жангда кўрсатган жасорати ва қаҳрамонлиги учун Ўзбекистоннинг кўплаб ўғлонлари ҳукумат мукофотлари билан тақдирланган. Масалан, ротаси  душманнинг 400та аскари ва офицерини йўқ қилган ҳамда  230 кишини асирга олган  наманганлик  Мамасоли Жабборов  Александр Невский ордени билан тақдирланган. Бир жангда 42 фашистни йўқ қилган ва озод қилинган қишлоқ устига қизил байроқ ўрнатган фарғоналик Тўйчибоев Ленин ордени билан тақдирланган. Уруш пайтида 500 фашистни йўқ қилган Ҳамро Аҳилов Ленин орденини олган.

117та фашистни  йўқ қилинган, бешта жангда 300 дан ортиқ душман аскарлари ва офицерларини пулемёт билан қирган снайпер Хайит Хўжаматовни  ҳам айтиш мумкин. Катта лейтенант, 88 қирувчи авиация полкининг отряд командири В. И. Максименко 1942 йил октябрга қадар 250та муваффақиятли парвоз қилган, 15 та ҳаво жангида душманнинг еттита самолётини уриб туширган, 55 та машина, тўртта артиллерия қуроли, саккизта зенит қурилмаси ва юзлаб фашистларни йўқ қилган. У "Қизил байроқ" ордени билан тақдирланган. 1942 йил 23 ноябрда Ростов вилоятидаги жангларда қаҳрамонлиги учун унга Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган.

Сталинград учун жангларда Павлов уйининг қаҳрамонона мудофааси иштирокчиларидан бирига айланган Камолжон Турғунов машҳур бўлди. К.Элмуродов, И. Аскаров, М. Ниёзбеков, К. Григорьев, В. Войтов, М. Вакс, А. Блохин, Ф. Фармоновлар  Волга бўйида жасорат билан душманга қарши курашдилар, уларнинг ҳар бири ўндан ортиқ душман ва ҳарбий техникаларни йўқ қилишган.

Ёзувчи Илья Эренбург шундай деб ёзган эди: "Мен Волга яқинида ўзбеклар томонидан озод қилинган рус қишлоғини кўрдим. Фарғона водийсида тинч одамлар яшаган. Улар меҳнатни, дўстона суҳбатларни, юлдузли осмонни яхши кўришарди. Улар қурол кўтаришмаган. Аммо   даҳшатли  онлар  келди ва ўзбеклар жасорат билан жангга киришдилар. Ватанимизнинг бошқа йигитлари билан ёнма-ён улар ҳаёт, нафас, нон, орзу, эркинликни ҳимоя қиладилар".

- Ғарбда Иккинчи жаҳон уруши тарихини қайта ёзишни бошланганига, нацизмни оқлашга уринишлар пайдо бўлишига қандай қарайсиз?

- Афсуски, Европада Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги тарихни  бузишга уринишлар тобора кўпайиб бормоқда. Дарҳақиқат, фуқароларнинг тинчлиги ва фаровонлигини, ички чегарасиз эркинлик, хавфсизлик ва қонун устуворлигини илгари суришга қаратилган Европа парламенти ҳам "Европанинг келажаги учун тарихий хотирани сақлашнинг аҳамияти тўғрисида”ги   баландпарвоз  резолюция қабул қилди.   Ушбу ҳужжатда фашистик Германия ҳаракатлари СССРнинг урушдан олдинги ва урушдан кейинги йиллардаги ҳаракатларига тенглаштирилган.

Аслида, резолюция матнида фашист Германияси ҳам, Совет Иттифоқи ҳам Иккинчи жаҳон урушини бошлаганликда айбланмоқда. Ушбу сохталаштиришларни рад этишга қаратилган барча уринишлар "демократик Европага қарши ахборот урушини бошлаш" дея  талқин қилинмоқда.     Ушбу сохтакорларнинг  асосий вазифаси - СССРнинг фашизмни мағлуб этишдаги ролини, СССР қуролли кучларининг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабасига ҳал қилувчи ҳисса қўшишини камайтиришдир.

Бундай ҳолда, менимча,   ягона йўл бирта: Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги ҳақиқатни кўрсатадиган архив материалларини кўпроқ ва турли тилларда нашр этиш лозим. Ҳужжатлар ёрдамида уруш ҳақидаги   уйдирма  гаплар ва туҳматни фош қилиш керак. Тарихий  ҳақиқатни қалбакилаштирувчиларга қарши барча мавжуд воситалар билан курашиб, фашистлар Германияси уруш бошлаганлигини, Совет Иттифоқи учун  бу уруш адолатли ва озодлик учун кураш эканлигини,  совет Иттифоқи, унинг кўп миллатли халқи нацизм ва фашизмни мағлуб этишга ҳал қилувчи ҳисса қўшганини ва фашизмни ҳеч қачон баҳона билан оқлаш мумкин эмаслиги кўрсатиш мақсадга мувофидир.

- Ўзбекистон ёшлари қаҳрамон аждодларининг хотирасини улуғлашлари ва ўз авлодларига совет халқининг биродарлик дўстлиги анъаналари ҳақидаги ҳақиқатни етказишлари керак. Ўзбекистонда бу ҳолат қандай?

- Давлатимиз президенти Ўзбекистон аҳолисининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси хотирасини сақлаб қолиш учун улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Дарҳақиқат, 1941 йил бошида Ўзбекистон аҳолиси 6,8 миллион кишини ташкил этган. Улардан икки миллионга яқини фронтга кетган. 500 мингдан ортиғи жангларда қаҳрамонларча  ҳалок бўлган.

Ўз  чиқишларидан бирида Шавкат Мирзиёев "бу шунчаки рақамлар эмас, уларнинг ортида оналаримиз ва бувиларимиз, жасур ва мард оталаримиз ҳаёти, бутун халқимиз қалбидаги чуқур қайғу ва изтироб турибди. Ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз бу оғриқ ва қайғуни ифода эта олмайди", -дея  таъкидлаган эди.

Президент топшириғи билан ноёб боғ  ва Ғалаба музейи қурилди. Энди мактаблар, институтлар, ёшлар ташкилотлари раҳбариятида экскурсиялар ўтказиш имконияти пайдо бўлиб, бунда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага Ўзбекистон халқининг улкан ҳиссасини акс эттирувчи экспонатларни, шунингдек, жанг майдонларида ва фронт ортидаги  юртдошларимизнинг мардлиги, жасорати, садоқати,   болаларга кўрсатган инсонпарварлиги ва меҳр-муҳаббатини яққон  кўрсатиб бериш мумкин.

Йил сайин  бу урушнинг тирик иштирокчилари ва гувоҳлари – қўлларида қурол билан дунёни фашизмдан ҳимоя қилганлар, фронт ортида ғалаба   учун ишлаганлар, концлагерларда, окккупация ва блокадада даҳшатли йилларни бошдан кечирганлар  тобора  камроқ қолмоқда. Халқимизга  ғалаба жуда қимматга тушган! Ғалаба учун фахрийлардан  миннатдор бўлиш ва жасоратни эслаш, биз тинч ва эркин яшашимизга имкон берган одамларнинг хотирасини ҳурмат қилиш – буларнинг барчаси ёш авлод орасида буюк тарихимизга муносиб муносабатни тарбиялаш учун зарурдир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.