Эндиликда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг назорат нусхалари ягона базада сақланади

Улашиш:

Ҳукумат қарори билан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда объектларнинг электрон назорат нусхаларини базага киритиш вазифалари «Интеллектуал мулк маркази»га юклатилди.

Ҳукуматнинг 22 августдаги қарори [469-сон] билан Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бу хақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Мазкур Низом муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлашга қабул қилувчи ташкилотлар (депозитарийлар) томонидан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида сақлаш тартибини белгилайди.

Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси томонидан мувофиқлаштирилади.

Ягона базада қуйидаги муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари сақланади:

  • ️адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар);
  • ️драма ва сценарий асарлари;
  • ️матнли ёки матнсиз мусиқа асарлари;
  • ️мусиқали драма асарлари;
  • ️хореография асарлари ва пантомималар;
  • ️аудиовизуал асарлар;
  • ️рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва тасвирий санъатнинг бошқа асарлари;
  • ️манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари;
  • ️архитектура, шаҳарсозлик ва саҳна безаги санъати асарлари;
  • ️фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар;
  • ️география, геология хариталари ва бошқа хариталар, география, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар;
  • ️барча турдаги электрон ҳособлаш машиналари учун дастурлар.

Муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон назорат нусхалари Ягона базада муддатсиз сақланади. Муаллифлик ҳуқуқи объектининг Ягона базага киритилганлиги ҳақидаги маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади. Қарор 2023 йилнинг 1 апрелидан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февралида президент қарори билан жамоатчилик учун очиқ бўлган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестри шакллантирилиши белгилаб берилган.

Қонунчиликка кўра, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа турдош ҳуқуқларни бузганлик учун Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, ўтган йилнинг август ойидаги қонунчиликка киритилган ўзгартишлар асосида муаллифлик ҳуқуқининг муаллиф вафотидан кейин амал қилиш муддати 50 йилдан 70 йилга узайтирилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.