АҚШда оммавий чиқишлар давом этмоқда. Намойишчилар нимадан норози?

Улашиш:

 АҚШ штатлари бўйлаб минглаб аҳоли норозилик намойишига чиқди. Диққатга молик жиҳати, намойишчиларни мамлакат президенти Жо Байден ҳам қўллаб-қувватлади ва оммавий чиқишларни давом эттиришга ундади.

«Ҳаёт учун юриш» деб аталган акция қатнашчилари ўқотар қурол-яроғдан фойдаланишга доир қонунчиликни кучайтиришни талаб қилмоқда.

Расмий статистикага кўра, АҚШда биргина 2020 йилда ўқотар қуроллардан 45222 киши ўлим топган. Жорий йил бошидан буён эса 19300 америкалик отишма қурбони бўлди.  24 май куни Техас штатидаги мактабда рўй берган, 21 кишининг ҳаётига зомин бўлган фожиа ортидан фуқароларнинг қурол-яроққа эгалик қилишини чеклаш бўйича таклифлар янада кучайди.

Қурол-яроғдан эмин-эркин фойдаланишга қарши чиққан аҳолига хайрихоҳлик билдирган президент Жо Байден ҳозирги паллада сайловчиларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим эканини таъкидлаган. Гап шундаки, ўтган ҳафта чоршанба куни демократлар назоратидаги Вакиллар палатаси қурол сотиб олиш ёши бўйича чекловни 18 дан 21 га кўтаришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Мазкур лойиҳа дўконларда бир шахсга 15 донадан ортиқ патрон сотишни тақиқлашни ҳам кўзда тутади. Аммо қонун лойиҳаси юқори палата – Сенатда қабул қилиниши эҳтимоли у қадар юқори эмас. Чунки Байден мансуб демократик партияга мухолиф бўлган республикачилар қурол-яроғдан эркин фойдаланишни ёқлаб келади.

Аввал хабар берганимиздек, собиқ президент, республикачи Дональд Трамп яқинда конгрессменларни Украинага қурол-аслаҳа юбориш билан эмас, балки мамлакат мактаблари хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланишга чақирган эди.

Фуқароларнинг қуролга эгалик қилиш ҳуқуқи АҚШ конституциясида мустаҳкамланган. Бунга қарши бўлган жамоатчилик фаоллари қуролга эгалик ҳуқуқи чекловсиз талқин этилишини хато деб ҳисоблайди. Уларга кўра, жамоат жойларда, хусусан, таълим масканларида қирғинларнинг олдини олиш учун қуролга эгалик борасида қатъий чеклов ўрнатилиши керак.

Муҳофазакор қатлам эса қуролга эгалик ҳуқуқини сақлаб қолиш кераклигини талаб қилиб келади. Улар фуқароларнинг қуролсизлантирилиши ортидан қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш каби жиноятлар авж олиб кетади деган фикрда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.