АҚШда 4 июль – Мустақиллик куни олдидан кўплаб авиарейслар бекор қилинди, шу куни минглаб америкаликлар мамлакат бўйлаб саёҳат уюштиради, аммо ички рейслар амалга оширилмаяпти. Бу ҳақда New York Times хабар берган.
Охирги бир неча кун ичида АҚШда 5 мингдан зиёд авиарейс бекор қилинган, бунга бир қатор салбий омиллар, хусусан, техник носозликлар, ходимлар етишмовчилиги, дастурий таъминотдаги муаммолар, Жанубий Каролинада соҳилида кузатилган тропик бўрон сабаб бўлган.
Кўплаб аэропортлар бекор бўлган рейсларни компенсация қиладиган йўналишларни кутаётган ёки янги қўшимча рейслар орқали манзилга етиб олишни мақсад қилган йўловчилар билан тўлган. 2 июлдан 3 июлга ўтар кечаси мамлакатда бир йўла 600 та самолёт рейси бекор қилинган.
ОАВда кенг тарқалган бир ҳолатда Мичигандан Миннесотага учадиган Delta компанияси рейсида овербукинг кузатилган ва компания мазкур рейсда ўз ўрнидан воз кечган йўловчиларнинг ҳар бирига 10 минг доллар таклиф қилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра компания ушбу ташаббусни саккизта жой бўшатишни кўзлаб амалга оширган, якунда тўрт ёки беш нафар одам ушбу таклифни қабул қилган.
Delta раҳбарияти рейсларнинг бекор қилиниши ёки кечиктирилиши юзасидан мижозларда кечирим сўраган. Компания бош директори Эд Бастиан корпоратив блогида Delta’нинг саноатда етакчи бўлиш учун йиллар сарфлагани, аммо бундай тарзда кўплаб рейсларнинг бекор қилиниши, кечиктирилиши ёки бошқа салбий ҳолатлар компания обрўсига ёмон таъсир кўрсатишини қайд этган.