Расмий муносабат: Жиззах вилояти ҳокимлигида автомобиллар сони белгиланган меъёрдан ошиб кетмаган

Улашиш:

Qalampir.uz сайтида “Жаноб Солиев ва унинг ҳокимиятига 27 автомобиль камлик қилмаяптими?” Сарлавҳаси остида мақола берилди.Мақола юзасидан вилоят ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида келтириб ўтилган бандларга асосан, Жиззах вилояти ҳокимлиги расмий сайтида Очиқ маълумотлар https://jizzax.uz/ochi-malumotlar.html бўлими ташкил этилиб, вилоят ҳокимлиги тасарруфидаги машиналар, қандай турдаги давлат харидларини амалга ошираётгани, ходимларининг қачон ва қаерга, қанча маблағ эвазига хизмат сафарларига чиқаётгани каби яна бир қатор маълумотлар доимий равишда янгиланиб очиқ тарзда оммага ҳавола этиб келинмоқда.

Бу ҳақда qalampir.uz ўзининг мақоласи охирида “Гарчи Жиззах вилоят ҳокимлигининг бундай маълумотларни тўла очиқлагани ижобий ҳолат бўлса-да, Ҳукумат қарори талабларига амал қилиш шартдир”, деб келтириб ўтилган.

Жиззах вилояти ҳокимлиги qalampir.uz сайти айтганидек, тўлиқ очиқлик тарафдори ва Ҳукумат қарори талабларига сўзсиз тарзда амал қилади.

Хусусан, 2022 йил 25 август ҳолатига Жиззах вилояти ҳокимлиги балансидаги 27 та автомашина Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида ажратилган бўлиб, уларнинг 24 таси хизмат кўрсатаётган бўлса, 3 донаси таъмирталаб фойдаланишга яроқсиз бўлиб турибди.

Жумладан, вилоят ҳокимига 1 дона, саккизта вилоят ҳокими ўринбосарларига биттадан 8 дона, 5 та вилоят ҳокимининг Расмий делегацияларни қабул қилиши учун, 1 та Президентнинг Жиззах вилоятидаги Халқ кабулхонаси мудирига, 4 та вилоят ҳокими маслаҳатчисига хизмат автомобиллари ажратилган.

Хусусан, учта енгил хизмат автомобиллари “MERSEDES-BENZ” 25 203 DAA ва “MERSEDES SPRINTER” (микроавтобус) 25 236 AAA 1996 йилда ишлаб чиқарилган ҳамда “NEXIA 1” 25 216 JAA 2005 йилда ишлаб чиқарилган транспорт воситалари бугунги кунда таъмирталаб ва фойдаланишга яроқсиздир.

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви ва маҳаллий бавлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 258-сон Қароридаги “Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига делегация ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш мақсадида 5 тагача, автотранспорт воситаси сақлаш учун лимит бўйича” Жиззах вилояти ҳокимлигида автомобиллар сони белгиланган меъёрдан ошиб кетмаган.

Қарорга асосан, вилоят ҳокимлигида 4 та меҳмонлар учун енгил траспортлар “CADILLAC” 25 220 AAA (2016 йилда ишлаб чиқарилган), “MERSEDES-BENZ” 25 269 PAA (2020 йилда ишлаб чиқарилган), “LACETTI” 25 015 AAA (2019 йилда ишлаб чиқарилган), “MERSEDES SPRINTER” (микроавтобус) 25 072 NAA (2020 йилда ишлаб чиқарилган) ҳамда бир дона навбатчи “DAMAS” 25 211 GAA (2018 йилда ишлаб чиқарилган) автомобиллари мавжуд.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.