ОФК кубоги. "Истерн" қандай ўйин намойиш этади?

Улашиш:

Бугун ОФК кубоги доирасида "Сўғдиёна" ҳамда "Истерн" жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.

Ўтган йили ушбу турнирда "Насаф"га рўбарў келган "Ли-Ман" гуруҳ босқичида айнан "Истерн"га кейинги босқич эстафета байроғини топширди. Гонгконгнинг икки клубидан ташқари Хитой Тайпейининг "Таинан Сити" клуби ҳам Жиззахга қадам ранжида қилиш орзусида ҳаракат қилиб кўрди, бироқ самолёт ва кейинги босқич чипталари айнан "Истерн"га насиб этди. "Истерн" иккала рақибини ҳам ажрим қилишни истамасдан, уларни бир хил ҳисобда таслим этиб қўяқолди — 3:1. Мана шу икки ўйинни кузатиш асосида жамоа ўйин услуби ҳақида маълум тасаввур ҳосил қилишга ҳаракат қиламиз.

Легионерлар 

Хорижий футболчилар клубнинг устуни десак, муболаға бўлмайди. Тўғри, улар кўзини боғич билан маҳкамлаб қўйсангиз ҳам рақиб дарвозасини бехато нишонга оладиган даражада суперўйинчилар эмас, бироқ клуб даражасида легионерлар чиндан ҳам етакчи ролни ўйнайди. Жумладан, жамоа киритган олти голдан тўрттасини айнан тирикчилик илинжида олис юртдан ташриф буюрган футболчилар уришган. Шулардан учтаси испаниялик ҳужумчи Виктор Бертомэуга тегишли. Ўйинчи ўзига яратилган имкониялардан максимал фойдаланишга ҳаракат қилади, кўп зарба йўллайди ҳамда керакли нуқтани топа олади. Ушбу ҳужумчига жиззахлик мудофаа қурғони вакиллари жиддий кўз-қулоқ бўлиши талаб этилади.

Қолаверса, ҳужумларни ташкил этишда бразилиялик футболчилар — Фернандо ҳамда Микель Севейро жонбозлик кўрсатишарди. Фернандо ҳимоячиларга яқин нуқтада рақиб ҳужумларини ташкил этиш ва бузишда фаол иштирок этса, Севейро одинроқда вазиятлар яратиш ҳамда рақиб дарвозабонининг пешонасини тириштириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Бахтимизга, уларнинг иккаласи ҳам Июль ойида "Китчи" клубига ўтган, шу боис уларнинг кетгани учун гулдасталар тақдим этиб, бироз енгил нафас олсак бўлади. Фернандо жамоанинг асосий тўпурари бўлиб, ОФК кубоги доирасида учта тўп киритган. Ҳар ҳолда, унга қарши эҳтиёт чораларини кўриш керак, ҳужумчи ўйин давомида анча-мунча зарбалар ижросига айланишини клуб иштирокидаги ўйинларда гувоҳига айландик.

Шунингдек, ҳимояда ҳам бундай ўйинчилар мавжуд. Тамирлан Қўзубаев (Қирғизистон) ва Маркос Гондра шулар жумласига киради. Айтганча, яқинда жамоага Жоао Гил номда қайд этилган ҳимоячи ҳам қўшилган. Унинг қандай ўйин намойиш этиши ҳозирча бизга қоронғи.

Ҳужум ташкил этиш

"Истерн" ОФК кубоги гуруҳ босқичидаги икки ўйинни ҳам 3-4-3 тактикасида бошлаган, бироқ жамоа одатда, рақиб имкониятига қараб, 4-3-3 ёки 4-4-2 схемасида ҳаракат қилади. 

Жамоа қисқа паслар орқали ҳужум ташкил этишни зерикарли ҳисоблайди, улар кўпинча ҳимоя қўрғонидан тўғри олдинга тўпни етказишга интилади. Марказдан кириб бориш ҳолатлари қарши ҳужум ҳолатларидагина содир этилиши мумкин. Кўпинча қанотлардан жарима майдонига тўп ошириш орқали ҳужум ривожлантирилади. ОФК кубоги гуруҳ босқичидаги кўпгина голлар шу тарзда урилган. "Сўғдиёна" марказий ҳимоячиларидан рақиб ҳужумига қарши чаққонроқ бўлиш талаб этилади. Қуйидаги суратларнинг кўпчилиги "Истерн" томонидан киритилган тўплар ва хавфли вазиятларнинг бошланғич жараёни саналади.

Ҳимоя

Гонгконгликлар ҳимоясига ҳавас қилиб бўлмайди. Орқа чизиқ вакиллари кучсизроқ рақиб ҳужумчиларига ҳам кўпгина вазиятлар яратиш имконини беришган. "Ли-Ман" вингерлари бир неча бор рақиб ҳимоячиларининг анграйиб қолишига сабабчи бўлган бўлса, "Таинан Сити" ҳужумчисининг ўзи икки-уч ҳимоячига қўшиб, посбонини ҳам алдаб ўтиб, хотиржам гол урган. Гарчи мудофаада испаниялик ва португалиялик футболчилар тўп тепса-да, улар терма жамоа даражасининг яқинига йўламаслигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Чемпионатдаги ҳолат

Гонгконг чемпионатида янги мавсум эндигина бошланган ва ҳозирча 2-тур баҳслари ўтказилган. Бироқ "Истерн" фақатгина битта ўйин ўтказди. "Таи По" билан кечган баҳсда ҳисоб очилмаган.

Хулоса

"Сўғдиёна" ҳозирги даражасида бўлажак рақибини мағлуб этса бўлади. Ҳар ҳолда Гонгконг жамоаси наздимда ўтиб бўлмас тўсиқдек кўринмади. Эҳтимол, улар ҳам жиззахликларга қарши биз кутмаган сюрприз тайёрлаши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, қизиқарли кечиши кутилаётган учрашувда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган клубимизга омад тилайман.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.