Туркманистон ғаройиб қоидалари билан яна лол қолдирди

Улашиш:

Туркманистонда аёлларга давлат матбуоти орқали эрларини “эҳтиромли бўлиш” ва “исмлари билан чақирмаслик” кераклиги эслатилди.

13 октябрь куни “Нейтрал Туркманистан” давлат нашри аёлларга эрларини ҳурмат қилиш буюрилган анъанавий нутқ одоби ҳақида мақола чоп этди. Туркманистоннинг урф-одатлари, хулқ-атвор қоидалари ва анъаналарига бағишланган туркум нашри “Туркманистон янгиликлари” томонидан эътиборга олинди.

Одамлар билан саломлашиш ва катталар билан мулоқот қилишда "анъанавий нутқ хатти-ҳаракатлари меъёрлари"га қўшимча равишда, мақолада хотиннинг эрига қандай мурожаат қилиш кераклиги алоҳида тасвирланган. “Туркман нутқи одоб-ахлоқи хотиннинг эрига ҳурмат билан муносабатда бўлишини белгилайди: аёллар камдан-кам ҳолларда турмуш ўртоғини исмлари билан чақиришади ва суҳбатда деярли ҳар доим учинчи шахсда тилга олишади”, дейилади унда.

Мақолада эркаклар қадимдан мардлик, жасорат ва масъулият билан тарбиялангани, ҳар доим ҳам ҳиссиётларга берилавермаслиги эслатилади.

"Одоб қоидалари" болаларни отаси билан "вазиятдан қатъи назар, фақат тик турган ҳолда" гаплашишга ундайди. “Ота-оналар билан жанжаллашишга мутлақо йўл қўйилмайди".

“Миллий нутқ одоби”га кўра, “тутилмасдан, сўз бойлигидан унумли фойдаланиб, иқтибослар, оғзаки халқ оғзаки ижодидан қўшиб гапириш” лозим. Шундай нутқ намунали бўлади.

Сардор Бердимуҳамедов отаси ўрнини эгаллагач Туркманистон аёлларга нисбатан чекловларни кучайтирди. Уларга косметика воситаларидан фойдаланиш, лабга чизиқ тортиш, маникюр қилиш, сочларини бўяш, тор кийим ва жинси шим кийиш, машина ҳайдаш ва автомобилнинг олд ўриндиғига ўтириш тақиқланган. Мамлакат абортни ҳам амалда ман қилган. Ушбу қоидаларга риоя қилмаган аёллар ҳибсга олинади, жаримага тортилади ва ҳатто ишдан бўшатилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.