Россия босиб олинган ҳудудларда 2023 йил сентябрида сайловлар ўтказади

Улашиш:

Фото: «РИА Новости»

Россия президенти администрацияси Украинадаги босиб олинган ҳудудларда 2023 йил сентябрида, ҳатто ҳарбий ҳолат сақланиб қолган тақдирда ҳам, сайловлар ўтказмоқчи. Бу ҳақда «Ведомости» ўз манбаларига таяниб ёзмоқда.

Вариантлардан бири сайлов ҳаракатлари муддатларини уч баробар қисқартиришни кўзда тутади, деди манба журналистларга. Қонунга мувофиқ, ҳудудий сайловларни белгилаш ҳақидаги қарор овоз бериш кунидан кўпи билан 100 кун, камида эса 90 кун аввалроқ қабул қилиниши керак. Такрорий ёки муддатидан аввалги сайловлар ўтказилган тақдирда, бу муддатлар қисқартирилиши мумкин.


«Ведомости» манбасига кўра, июль ойида сайловолди кампаниясини бошлаш учун ушбу меъёрлардан бирини қўллаш ёки тузатиш киритиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Нашрнинг яна бир суҳбатдоши маълум қилишича, сайлов ўтказиш учун ҳарбий ҳолат ҳақидаги қонунга тузатишлар киритилиши мумкин. Учинчи манбаайтишича, «ҳозирча бундай тузатишлар ишлаб чиқилмаяпти».

«Янги ҳудудлардаги сайловлар жуда муҳим, чунки улар ҳам ташкилий жиҳатдан, ҳам рамзий маънода уларнинг интеграциялашуви йўлидаги муҳим қадамни белгилайди, — деди Сиёсий технологиялар маркази вице-президенти Ростислав Туровский. — Булар Россиянинг оддий ҳудудлари эканини кўрсатувчи иложи борича кўпроқ далилларни яратиш Кремль учун муҳимдир ва шу нуқтаи назардан маҳаллий ҳукуматни шакллантириш аҳамиятли воқеадир».

Ўз-ўзини республика деб эълон қилган ДХР ва ЛХР, шунингдек, Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган ҳудудлари октябрь бошида қўшиб олинган эди. Кўп ўтмай, бу ҳудудларда ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Ҳозир «янги ҳудудлар»ни Россия томонидан истилодан кейин тайинланган мансабдорлар ҳамда ДХР ва ЛХРнинг вазифаларни вақтинчалик бажарувчи мақомидаги ҳукуматлари бошқаради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.