Кредит фирибгарлиги авж олди: ўзингизни қандай ҳимоя қилиш мумкин?

Улашиш:

Сўнгги йилларда ўзгалар номига ноқонуний кредит расмийлаштириш ҳолатлари кескин кўпайди. Омбудсман маълумотларига кўра, 2024 йилда бундай жиноятларга оид мурожаатлар сони 42 фоизга ошган, айрим ҳолларда бир шахс номига бир вақтнинг ўзида 5–6 та банкдан кредит олинган. Кўпинча фирибгарлар ўзини банк ёки тўлов тизими ходими сифатида таништириб, фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланади.

Яқинда Тошкентда ҳоким ёрдамчиси 20 нафар фуқаро номига жами 427,7 миллион сўм кредит расмийлаштириб, маблағни шахсий эҳтиёжига ишлатгани аниқланди. Сирдарёда эса ободонлаштириш хизмати раҳбари кўча супурувчи аёл номига кредит олиб, пулни ҳаж сафарига йўналтирган. Фарғонада бир шахс қимор қарзини ёпиш учун тўрт ҳамкасби номига жами 75 миллион сўм кредит расмийлаштирган.

Муттахассислар фикрича, бундай ҳолатларга шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш маданиятининг пастлиги, молиявий саводхонлик етишмаслиги ва назорат тизимидаги бўшлиқлар сабаб бўлмоқда.

Фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун MyGov орқали “Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш” хизматини фаоллаштириш, шахсий ҳужжатлар нусхаси ва электрон калитни ҳеч кимга бермаслик, ўзини банк ходими деб таништирган шахс ҳақиқатан ҳам расмий ходим эканлигини текшириш тавсия этилади.

Молиявий ҳушёрлик ва эҳтиёт чораларини кўриш бундай жиноятлардан асрашнинг энг самарали йўли ҳисобланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.