Геосиёсат касофати: рубль дунёдаги энг беқарор валютага айланди

Улашиш:

Доллар ва рубль жуфтлиги учун бир ойлик опционлар нархларидан ҳисобланган рублнинг ўзгарувчанлиги кеча, 21 февраль куни кечқурун 33,97 фоизга етди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берган.  

21 февралдаги савдоларда доллар курси 79 рублдан ошган, айни пайтда эса ҳатто 80 рубль. Геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви фонида миллий валюта курсининг ўзгарувчанлиги пандемия бошланганидан бери максимал қийматга яқинлашди: 2020 йил 18 мартда у 37,7 фоизни ташкил этган. Ўшанда рубль курси бир доллар учун 60-65 дан 80 рублгача тушиб кетган. 

Бир ой олдин рублнинг ўзгарувчанлиги 20,7 фоиз эди. Бу кўрсаткичга кўра, январь ойида Россия валютаси турк лирасидан кейин дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Аммо 14 февралга келиб, бу ўзгарди: рублнинг ўзгарувчанлиги 24,3 фоизга кўтарилди, турк лираси учун эса 19,75 фоизга тушди. Ўшандан бери рубль ушбу кўрсаткич бўйича жаҳон валюталари орасида етакчи бўлиб келмоқда. “Bloomberg” сўнгги кунларда сезиларли даражада пасайган Украина гривнаси ва Беларусь рублини ҳисобга олмаган. 

2020 йил 18 мартдаги чўққидан ташқари, рублнинг ўзгарувчанлиги 2015 йил февралидан бери 30 фоизлик белгидан ошмаган. Кўрсаткичнинг энг юқори қиймати 2014 йилнинг декабрь ойида валюта ва молия бозорларидаги “қора сешанба”дан кейин бўлган – 75 фоиз. 

Таҳлилчиларга кўра, геосиёсат Россия рублига салбий таъсир кўрсатувчи асосий омил бўлиб қолмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, миллий валюта ҳам, умуман бозор ҳам ҳозирги ахборот кун тартибига оғриқли муносабатда бўлмоқда, инвесторларнинг кайфияти ёмонлашмоқда ва улар Россия бозорини тарк этмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин россияликларга қарийб бир соат давом этган мурожаатидан сўнг Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР) мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Дунё давлатлари Путиннинг қарорини қоралаб чиқди ва Ғарб давлатлари Москвага қарши санкциялар жорий қилиш арафасида. Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини тутиб турадиган давлат компаниялари акциялари кескин арзонлашди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.