1 февралдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Улашиш:

2023 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.

Адвокатларга «Электрон адвокатлик ордери»ни бериш амалиёти йўлга қўйилади

Президент қарорига асосан 2023 йил 1 февралдан бошлаб: Адвокатлик тузилмалари томонидан адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган «Электрон адвокатлик ордери»ни бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Бунда, адвокатлик тузилмаси томонидан ишонч билдирувчи шахс билан тузилган барча шартномаларнинг фақат реквизитлари (шартнома рақами ва унинг тузилган санаси) тўғридан тўғри «Юридик ёрдам» ахборот тизимига киритилади ва бу QR-код қўйилган «Электрон адвокатлик ордери»ни олиш учун асос бўлади. Шунингдек, адвокат сўрови юборилган давлат органи ёки ташкилот, тегишли ишни кўриб чиқаётган суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан адвокатнинг муайян ишга ваколатлилигини аниқлаш муқобил равишда QR-код қўйилган «Электрон адвокатлик ордери» орқали ҳам амалга оширилиши имконияти яратилади.

ННТлар томонидан адлия органига тақдим этиладиган ҳисобот шакли ўзгаради

Адлия вазирининг буйруғига асосан 2023 йил 1 февралдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан адлия органига тақдим этиладиган ҳисобот шаклининг янги таҳрири кучга киради.

Қиймати 100 миллион сўмгача бўлган заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан олиб чиқишга рухсат этилади

Президент қарорига асосан:

  • резидент ва норезидент жисмоний шахсларга — қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга;
  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга — заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга рухсат этилади.

Масъулияти чекланган жамиятнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш талаби бекор қилинади

Президент қарорига асосан микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Палата аъзолигига, аъзолик ва кириш бадалларидан озод қилинган ҳолда, текин қабул қилинади ҳамда қонунда назарда тутилган аъзолик билан боғлиқ Палата хизматларидан тўлақонли фойдаланиш ҳуқуқига эга, Палата томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган қўшимча пулли хизматлар бундан мустасно.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар аъзо сифатида рўйхатга қўйиш учун Палатага электрон тизим орқали юборилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.