Километрлик навбатлар: қачон «заправка»лар тартибга тушади?

Улашиш:

Тошкент шаҳрида ҳам «метан заправка»ларга соатлаб, баъзида кунлаб навбат кутиш одатий ҳол бўлиб қолди.

Газга навбатга турган юзлаб, минглаб автомашиналар баъзида йўлнинг икки қаторини эгалламоқда: бир қаторида енгил машиналар, иккинчиси юк автомобиллари ва автобуслар. Бу эса йўлларда тартибсизлик ва тирбандликларни ҳам юзага келтирмоқда.

«Метан заправка»ларнинг тўла қувват билан ишламаслиги, кўпинча ёпиқ бўлиши АЁҚШларда ҳам навбатлар ҳосил бўлишига сабабчи бўляпти.

Пойтахтда жамоат транспортининг фалажлангани енгил автомобилларнинг кескин кўпайишига олиб келди ва тобора ёқилғи етишмаслиги, тирбандликлар коллапси етилиб келмоқда.

Бир неча бор йиғилишлар ўтказилди, топшириқлар берилди, ваъдалар қилинди, аммо жамоат транспортида сезиларли ўзгариш бўлгани йўқ.

Ҳали ҳам ярим соатлаб автобус келмайдиган йўналишлар бор. Мисол учун, Сергели туманига ҳаракатланувчи 58, 38 йўналишли автобуслар соат 22-00дан кейин деярли юрмай қўяди. Автобус ҳайдовчиларига ҳам осон тутиб бўлмайди, улар шунчаки вақтлироқ автобус саройига жўнаб қолмайди, балки «метан заправка»да навбат кутади! Мана, соат 22-00дан кейин автобусларнинг онлайн ҳаракатидан олинган сурат. Ҳаммаси бир жойда, «метан»да туришибди. Неча соатда навбати келиб, газ қуйиб олади, бизга қоронғу. Аниғи шуки, улар бу вақтда йўловчи таший олишмайди. Бунда кимни айблашни ҳам билмайсан.

Ҳайдовчига ҳам қийин, йўловчиларга ҳам. Эссиз йўқотилаётган қимматли вақт, эссиз тикланмас асаб толалари.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.