Мирзачўл туманидаги 4-сектор ҳудудида жойлашган “Тошкент” ҳамда "Гулзор" қишлоқ фуқаролар йиғинида уюшмаган ёшлар учун мини стадионлар қуриб, фойдаланишга топширилди.
Илгари ташландиқ бўлиб ётган ҳудуд сектор раҳбари ва масъул тадбиркорнинг ташаббуси билан обод қилиниб, ажойиб стадион барпо этилди. Бу эса маҳалла аҳлини, айниқса, ёшларни янаям қувонтирди.
Куни кеча “Тошкент” МФЙ ҳудудидаги 6-мактаб ҳовлисида қурилган табиий чим ётқизилган стадионда дастлабки мусобақа ташкил этилди. Унда маҳалла ёшлари тўпланиб ўзаро тўп сурдилар.
“Гулзор” МФЙда фойдаланишга топширилган 45х25 метр ҳажмдаги сунъий қопламали майдоннинг очилиши эса ҳақиқий байрам тадбирига айланиб кетди. Унда туман ҳокимлиги, сектор раҳбарияти ва кенг жамоатчилик вакиллари тўпланишди. Ушбу ишларни амалга оширишда фаоллик кўрсатган тадбиркорга ҳам 2 та маҳалланинг ёшлар етакчиларига бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси топширилди.
Шундан сўнг “Дўстлик” ва “Гулзор” МФЙ ёшлари ўртасида “ДХХ раиси кубоги” мусобақаларининг сектор босқичига старт берилди. Дастлабки учрашувда 3-2 ҳисобида гулзорлик ёшлар ғалабага эришишди.
Ушбу лойиҳани амалга оширишда тадбиркорга ер майдони ҳамда қурилиш учун тижорат банкидан кредит олишда 4-сектор раҳбари, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Б.Ташпулатов амалий ёрдам берди. Тадбиркорга кўмак бўлиши учун 400 метр сим тўрлар етказиб берилди. Энди бу ерда маҳалладаги спортга иштиёқманд ёшлар турли спорт ўйинларини ўйнаш имконига эга бўлишди.
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати