Фактчекинг: Улоқ кўпкари ўйини Олимпия спорт турлари рўйхатига киритилди(ми?)

Улашиш:

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Халқ дарди” гуруҳида 2023 йилнинг 1 май куни Тулкин Сапаев профили томонидан қуйидаги хабар тарқатилди.

 

“Ўрта Осиё халқларининг қадимий, миллий ўйинларидан бири бўлган Улоқ кўпкари 2024 йили Парижда ўтказиладиган ХХХIII ёзги олимпия спорт ўйинлари рўйҳатига киритилди. Кейинги йилларда Улоқ ўйинлари спорт турига киритилиб, Ўзбекистонда республика миқёсида расмий мусобақалар, ҳалқаро турнирлар ўтказила бошланди. Ўзбекистонда алоҳида Улоқ кўпкари федерацияси тузилди (2002 йил 29 апрель). Улоқнинг спорт тури сифатида халқаро миқёсида 38 мамлакатда (2004 йил) тан олинишида Ўзбекистон от спорти ва улоқ федерацияси томонидан Улоқ мусобақаларининг умумий қоидалар ишлаб чиқилиши ва Халқаро “кок бору” (Улоқ - кўпкари) федерациясининг таъсис этилишининг аҳамияти катта бўлди”-дея қўшимча қилинган хабарнинг изоҳида.

 

Хабар бир қарашда қизиқарли маълумотдек кўриниши мумкин. Бироқ зукко кузатувчиларда бироз шубҳа пайдо қилади. Шу сабабдан биз ушбу маълумотни текшириб кўрамиз.

 

Демак фактчекинг жараёнини бошласак...

 

Ўзбекистон Миллий олимпия спорт қўмитаси сайтидаги маълумотларга кўра, рўйхатдаги ёзги олимпия ўйинлари қаторида "Улоқ-кўпкари" спорти киритилмаган. Бу ҳақда ушбу қўмитанинг расмий сайтидаги янгиликлар бўлимида ҳам бу ҳақда ҳеч қандай расмий маълумотни топа олмадик.

Ҳукм:ФЕЙК

 

2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида эса 30 дан ортиқ спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилади. Унда 205 дан ортиқ давлатнинг спортчилари 2024 йил 26 июль – 11 август кунлари олимпиада медаллари учун бахслашадилар

Биз маълумотни тарқатган Тулкин Сапаев профилини кузатганимизда аккаунтда муаллиф ҳақида маълумотлар жуда ҳам камлигини кўриш мумкин. 

Юқоридаги хабарнинг ўзини эса 10 дан ортиқ вилоят ва шаҳарлар дахлдор бўлган маҳаллий гуруҳларга жойлаштирилган. Профиль ҳақида етарли маълумот тўплай олмаганлигимиз учун “Тулкин Сапаев” аккаунтини ҳам сохта деб ҳукм чиқардик, яъни у реал шахсга тегишли эмас. 

Хулоса 

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар қандай хабар ҳам расмий асосга эга эмас. Хабарларнинг ҳаққонийлигини асосан расмий манбалар орқали текшириш тавсия қилинади.

 

Муҳаммадали Муяссаров – Sangzor.uz  сайти учун тайёрланди

 

 

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.