Жиззахда суд ва банк юристлари қатнашган семинарда кредит шартномалари билан боғлиқ 3749 та ариза қаноатлантирилганлиги айтилди

Улашиш:

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати биносида Марказий банк Жиззах вилоят бош бошқармаси ҳамда тижорат банклари ҳуқуқшунослари ва ходимлари иштирокида семинар ўтказилди.

Судлар томонидан 2023 йил 5 ойи давомида кредит шартномаси билан боғлиқ 3749 та даъво аризалар кўриб ҳал этилган, бунинг 1414 таси буйруқ тартибдаги, 2335 таси даъво тартибидаги мурожаатлар ҳисобланади. Шундан, 3517 таси банкларнинг, 192 таси банк бўлмаган ташкилотларнинг даъво ариза (ариза)ларини, 40 та фуқаролар томонидан кредит шартномасига доир банкка нисбатан берилган даъволарини ташкил этган.

Семинарда фуқаролик ишлари бўйича судларга банк муассасалари томонидан кредит низоларига оид берилаётган даъво аризалар асосида кўриб чиқилаётган ишлар сони кўпайиб бораётганлигини, ушбу даъво аризалар бўйича банк муасассаларининг судгача бўлган ундирув чораларини кўриш юзасидан қай даражада қонунчиликка риоя қилиб борилаётганлиги билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди раиси Шеҳроз Омонов сўзга чиқиб, банклар кредит қарздорлигини ундириш ҳақида судларга мурожаат қилгунига қадар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 2 июлда 3030-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги Низом талабларига риоя қилишлари муҳим эканлигини, ушбу низом билан  банк ва истеъмолчи ўртасида кредит тўловлари бўйича юзага келган низоли муносабатларда судгача ҳал қилиш чоралари ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берилганлиги йиғилиш иштирокчиларига маълум қилди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.