«Жамият муаммоларини бартараф этишда, коррупцияга қарши курашда журналистларга таянамиз» — президент

Улашиш:

Ўзбекистон президенти ОАВ ходимларини табриклаб, сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини таъминлашни мамлакат тараққиёт стратегиясининг ажралмас қисми деб билишини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, коррупция ва жамиятнинг бошқа муаммоларига қарши курашда давлат журналистларга таянади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан табрик йўллади.

Давлат раҳбари сўзи аввалида «рўй бераётган тарихий ўзгаришлар» туфайли ОАВни эркин фикр минбарига, халқ манфаатларининг фаол ҳимоячисига айлантириш учун ҳуқуқий замин яратилганини таъкидлади.

Қайд этилишича, ҳозирда 2140 та оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари. Интернет нашрлар сони эса 745 тага етган.

Биринчи марта ўтган йил якунларига кўра давлат органлари ва ташкилотларида амалга оширилган ишларни баҳолаш бўйича Очиқлик индекси натижалари эълон қилингани сўз эркинлиги йўлидаги «муҳим қадам» деб аталди.

Шунингдек, китобхонликни оммалаштиришга нашриёт-матбаа соҳаси ходимлари ҳам ҳисса қўшаётгани келтириб ўтилди. Сўнгги йилларда республика нашриётлари томонидан 132 миллион нусха бадиий китоб ва бошқа адабиётлар чоп этилгани маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёев табрикда ахборот йўналишида ўта долзарб вазифалар турганини таъкидлади.

«Ҳозирги вақтда ер юзининг турли бурчакларида юз бераётган, барчамизни ташвиш ва хавотирга солаётган воқеаларни ҳисобга оладиган бўлсак, глобал дунёда ахборотлашув жараёнларининг таҳдидли жиҳатлари ҳам борлиги ва улар тобора кучайиб бораётганидан кўз юмолмаймиз. Дунёнинг айрим минтақа ва ҳудудларида оммавий ахборот воситалари муайян сиёсий кучлар қўлида информацион урушни авж олдиришга, жамоатчилик фикрини чалғитишга, оқни қора, қорани оқ деб кўрсатишга хизмат қилаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади», — деди президент.

У, шунингдек, жамият ҳаётида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, бюрократия ва коррупция каби иллатларга қарши курашишдаги ОАВнинг ўрни ҳақида гапирди. Шу ўринда ёш журналистларни тайёрлаш масаласига тўхталиб ўтди.

«Бу соҳада олдимизда турган вазифаларни аниқ белгилаб олиш ва амалга оширишда ҳозирги вақтда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси томонидан тайёрланаётган Миллий маъруза катта амалий аҳамият касб этади, деб ишонаман. Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз ва жамиятимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини рағбатлантириш, соҳанинг моддий-техник ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканини яна бир бор таъкидлайман», — деди давлат раҳбари. 

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.