АОКА сўз ва матбуот эркинлигига мос равишда қайта ташкил этилади

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини халқаро ташкилотларнинг сўз ва матбуот эркинлиги соҳасидаги тавсиялари асосида қайта ташкил этилади. Бу ҳақда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида сўз боради.

Қайд этилишича, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мавжуд штат бирликлари ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорини сақлаган ҳолда, ташкилотни бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил ҳамда Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор шаклда қайта ташкил қилинади. 

Стратегияга кўра, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги таркибига ўтказилади. 

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ҳамда матбуот котиблари фаолияти самарадорлиги рейтингини тузиш орқали соҳада юқори натижаларга эришган ташкилотлар матбуот котибларини рағбатлантириш тизими жорий қилинади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилган эди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида АОКА фаолиятини қайта танқидий кўриб чиқиш кераклигини айтиб, шундай деганди: 

“Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришнинг дастлабки даврида оммавий ахборот воситаларини кенг қўллаб-қувватлаш, уларни ҳимоя қилиш, давлат идораларида ахборот хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилган эди. Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, уларни янада ривожлантириш, мустақил фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман”.

Маълумот  учун, АОКА тарихида илк директор Президентнинг собиқ Матбуот котиби Комил Алламжонов бўлган эди. Кейинроқ Президентнинг қизи Саида Мирзиёев АОКА директори ўринбосари лавозимига тайинланди. Алламжонов ва Мирзиёевa АОКАда эгаллаб турган лавозимларини бир кунда турк этиб, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига асос солдилар. 

2020 йилнинг июлидан бошлаб АОКАни Асаджон Ходжаев бошқариб келяпти. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.