Электропоездлар йўловчиларнинг таклифларини ўрганган ҳолда харид қилинади — «Ўзбекистон темир йўллари»

Улашиш:

Испаниянинг Talgo компанияси Ўзбекистон учун яна 4 та Afrosiyob электропоездини ишлаб чиқариши айтилганди. «Ўзбекистон темир йўллари» эндиликда электропоездлар фақат Talgo томонидан эмас, йўловчилар таклифига кўра дунёдаги кўзга кўринган бошқа компаниялардан ҳам харид қилинишини билдирди.

Испаниянинг Talgo компанияси Ўзбекистон учун яна тўртта Afrosiyob электропоездини ишлаб чиқариши ҳақида хабар берилганди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ маълумот нотўғри талқин қилингани, тезюрар электропоездлар фақатгина Talgo компаниясидан эмас, бир нечта компаниялардан сотиб олинишини билдирди.

Таъкидланишича, Испанияда бўлиб ўтган учрашувда Patentes Talgo компанияси раҳбари Карлос Паласио Ориол Ўзбекистон элчиси Жаҳонгир Ғаниевга Ўзбекистон учун яна тўртта Afrosiyob электропоезди ишлаб чиқаришга тайёрлигини маълум қилган. Буюртмани молиялаштириш учун Испания ҳукумати ҳузуридаги Испания компанияларини халқаролаштириш жамғармаси (FIEM)дан узоқ муддатли имтиёзли кредитларни жалб қилиш мумкинлиги таклиф этилган.

«Ҳозирги кунда юртимизда олтита юқори тезликда ҳаракатланувчи Afrosiyob электропоезди йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Жамият томонидан яқин йиллар ичида замонавий, юқори тезликда ҳаракатланувчи тезюрар поездлар сонини яна 4 тага кўпайтириш режалаштирилган. Эътиборли томони шундаки, эндиликда харид қилинадиган юқори тезликдаги электропоездларни фақатгина Talgo компаниясидан эмас, балки йўловчиларнинг таклифларини ўрганган ҳолда дунёдаги энг кўзга кўринган замонавий электропоездлар ишлаб чиқарадиган компаниялардан харид қилиш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирда акциядорлик жамиятининг мутасадди мутахассислар томонидан мазкур йўналишдаги дунёнинг етакчи компанияларининг таклифлари ўрганилмоқда. Бунда мамлакатнинг ўзига хос қиш ва ёз мавсумдаги иқлим шароитлари инобатга олинмоқда, йўловчиларни ташиш шароит ва қулайликлари, йўловчилар сиғими ва бошқа жиҳатлар ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил октябрь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти саккизта янги йўналишни ишга туширишни режалаштираётгани, шу муносабат билан ташкилот 34 та замонавий электропоезд сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилгани ҳақида хабар берилганди. Ўшанда компания Stadler, Skoda, Talgo, Hyundai, CAF, Siemens, Alstom, Hitachi, Pesa ва CRRC-Dalian каби дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳаракат таркибларини янгилаш бўйича музокаралар олиб борган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.