«Бизнинг рухсатимизсиз бирлашса, жазога тортилади». Рақобат қўмитаси раиси — Uzum ва Click бирлашиши ҳақида

Улашиш:

Рақобат қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шораҳмедов Uzum ва Click компаниялари қўмита рухсатисиз бирлашса, жазога тортилишини маълум қилди. Аввалроқ компаниялар ўзаро бирлашгани тўғрисида қўшма баёнот берган, кейинроқ эса қўмита ҳали бирлашув бўйича расмий битим тузилмаганини билдирганди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шораҳмедов Uzum ва Click компаниялари қўмита рухсатисиз бирлашса, жазога тортилишини маълум қилди. У бу ҳақда Kun.uz нашрига берган интервьюсида гапириб ўтган.

«Компаниялар бирлашишга тайёргарлик кўради, бу — нормал ҳолат. Икки компания келишади, ҳужжатларни тайёрлайди ва қўмитага топширади. Бирламчи келишув бўлади, кейин ҳамма рухсат ҳужжатларини олгандан кейин якуний келишувга эришилади. Аммо бунинг учун Рақобатни ривожлантириш қўмитаси уларнинг бирлашувига рухсат бериши керак. Чунки улар — жуда катта компания. Бирлашувига рухсат берамизми-йўқми, аниқ айта олмайман, чунки ўрганишимиз керак. Активлари, айланмалари, бозордаги рақобатчилари ҳақида маълумот бериши керак. Биз бозордаги бошқа рақобатчилардан „сизлар қандай фикрдасизлар, қандай хавф-хатарлар бор?“ деб сўраймиз. Рухсат берамиз ёки бермаймиз — кейин аниқ бўлади», — дейди Шораҳмедов.

У Click компаниясининг 11 миллиондан зиёд фойдаланувчиси борлиги, Uzum эса тез оммалашаётгани, шунинг ўзиёқ монополия хавфини туғдириши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан бошқа тўлов тизимларида ҳам миллион-миллион фойдаланувчилар борлигини келтириб ўтди.

«Бизда лицензия олиб, фаолият юритадиган тўлов тизимларининг сони 52 та. Тўлов тизими бўлгани билан сиз бемалол банкларнинг хизматларидан фойдаланишингиз мумкин. Шундай бўлса-да, улар бизнинг рухсатимизсиз бирлашса, жазога тортамиз», — деган қўмита раиси.

Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни Click ва Uzum компаниялари ўзаро бирлашгани тўғрисида қўшма баёнот берди. 15 июнь куни эса Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Click тўлов ташкилоти Uzum компаниялар гуруҳи билан бирлашув битимига олдиндан розилик олиш бўйича мурожаат қилмаганини ва компаниялар бирлашиши тўғрисида расмий битим тузилмаганини маълум қилди.

«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 16−17-моддаларига асосан агар хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилида товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёки улардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, шунингдек, бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса, монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олиниши керак бўлади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.