«Кимгадир тегишли тизимни молиялаштириш деган талқин ноўрин». Пойтахт ҳокимлиги — «Пахтакор»га 7 млрд cўм ажратилиши ҳақида

Улашиш:

Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан «Пахтакор» футбол клубига пойтахт бюджетидан 7 млрд сўм ажратиш белгиланди. Қарор жамоатчилик норозилигига учради. Шундан сўнг ҳокимлик қарор бўйича изоҳ берди.

13 июль куни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков «Пахтакор» футбол клубига Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси ҳисобидан 7 миллиард сўм маблағ ажратиш тўғрисида қарор имзолади. Қарор турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Пойтахт ҳокимлиги ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 апрелдаги «Футбол клублари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 261-сонли қарорига асосан «Пахтакор» футбол клуби Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига бириктирилиши ва ҳокимият бош ҳомий бўлиши белгиланган. «Бу эса футбол клубининг харажатлари асосан шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджет даромадларининг орттирилган қисмидан қоплаб берилишини англатади», — дея таъкидланган ҳокимлик хабарида.

Таъкидланишича, айни кунда «Пахтакор»нинг 334 нафар ходими бор, уларнинг 200 га яқини спортчилар бўлиб, булар — асосий таркиб, аёллар, ёшлар, футзал ҳамда уларнинг турли ёшдаги жамоалари ҳамда мураббийлар. Жамиятнинг қолган аъзолари эса ОФК ва ЎФА регламенти асосида ишловчи хизматчилар.

«„Пахтакор“ ФКнинг академиясида бугунги кунда 300 дан ортиқ ёшлар таълим олаётган бўлиб, уларнинг мураббийлари ҳам МЧЖ ходимлари саналади. Ушбу жамоанинг меҳнат ҳақи, балансдаги 2 та база, 8 та стадионни сақлаш, футболчиларни витаминлар билан таъминлаш, зарур техник жиҳозлар хариди, вилоятлардаги ва чет эллардаги сафарлар харажатларининг барчаси таъсисчи, бош ва бошқа ҳомийлар зиммасидадир», — дейилади хабарда.

«„Пахтакор“ ФК МЧЖ раҳбариятиннинг Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2023 йилнинг 13 июль куни юборилган хатида 2023 йил учун тасдиқланган харажатлар сметасига асосан 2023 йилнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал тўловлар ва ўйин ўтказиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун клубга 7 млрд сўм маблағ ажратилиши сўралган. Тошкент шаҳар ҳокимининг 433−14−0-Қ23 сонли қарори билан клуб фаолияти учун зарур маблағ ажратилган».

«Бу маблағ футболни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, уни кимгадир тегишли тизимни молиялаштириш деган талқин ноўрин», — дейилади Тошкент ҳокимлиги муносабати якунида.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.