Афғонистондан келган «Юк 200» тобутлари нега очилмаган?

Улашиш:

1989 йил 15 феврал совет ҳарбий қўшинлари Афғонистондан тўла чиқарилган кун. Шу кундан бошлаб Ўзбекистон дохил  Совет Иттифоқининг барча республикаларидан  йигитларни ҳарбий хизмат номи остида Афғонистонга, урушга жўнатишга чек қўйилган. Ўзбекистон «Veteran» жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси маълумотига кўра, 1979-1989 йилларда Афғонистонда содир бўлган қуролли ҳаракатларда 64 минг 500 нафар ўзбекистонлик қатнашган, улардан 1545 таси ҳалок бўлган ва уларнинг жасадлари «Юк 200» деган тамғали темир тобутларда олиб келинган.

«Совуқ жасадини ҳам қучолмадим»

Ғиёс ерга қўйилганига 40 йил бўлаяпти ҳамки, Мавжуда ая гоҳида шу ўғли кириб келадигандек эшикка термулади, термулаверади. Ғиёси ўлганига ҳамон ишонмайди. Онаизор-а... Кўзлари хира тортиб, кичрайиб, мунғайиб қолган, оёқлари буйсунмайдию, югуриб чиқиб боласини қучоқлашини ўйлайди гоҳо. Ғиёснинг жасадини унга кўрсатишмаган. Бошқа жигарларига ҳам...

Тошкент шаҳрининг Чиғатой маҳалласида туғилиб, шу ерда вояга етган Ғиёс Шодмонов  ҳарбий хизматининг асосий қисмини Ўзбекистоннинг ўзида ўтаб бўлган эди. Аскарликни тугатишига бор-йўғи олти ой қолганди. Боксчи, бақувват, басавлат бола бўлган Ғиёс. Кутилмаганда уни Афғонистонга ўтказишган, десантга ташлашган. 

— 1981 йил сентябри сўнгида Афғонистонга кўчиришди, 10 мартда эса уни темир тобутда олиб келишди, бир неча кундан кейин йигирмага тўларди — деб эслайди Ғиёснинг акаси Илёс.

Аканинг эслашича, темир тобут буткул ёпиқ бўлган, пайвандлаб ташланган.  «Бизлар ҳам Россияда аскарликда бўлганмиз, жўнатилган «гроб»ни кўрганмиз. Жасаднинг юзи кўринадиган ойнали қисми бўларди. Лекин Ғиёснинг тобути буткул ёпиқ, ҳамма жойи темир билан қопланган эди». Шунда йигитнинг амакиси тобутнинг бошига болта кўтариб келган. Лекин ҳарбийлар тобутни очишга қўйишмаган.

Шундай қилиб, Чиғатой қабристонида яна бир афғончи-жангчи қабри пайдо бўлган. (Маълум бўлишича, шу қабристоннинг ўзида 5-6 нафар афғончи темир тобути билан дафн этилган.) Ўзбекистон бўйича эса темир тобутда келтирилган жасадлар 1545 тани ташкил этади. Мавжуда ая, Илёс ака каби фарзанди, жигари ўлимига ишонмаганлар юзлардир эҳтимол.

Ғиёс Шодмонов.

Қалтис савол

Афғонистондан тобутлар келиши тўхтаганига ўттиз йилдан ошди ҳамки, ҳамон   «Юк 200»лар нега очилмагани савол остига олинадиган ҳоллар кам эмас.

Дарвоқе, темир тобут нега «Юк 200» деб номланишини ҳам кўпчилик сўрашади.  Бугунда ҳар қандай мамлакатдан жўнатилган майитга нисбатан қўлланадиган бу термин аслида Афғонистондан жўнатиладиган жасадлар ҳақидаги давлат қарори ортидан пайдо бўлган. Совет Иттифоқи мудофаа вазирлиги 1984 йилдаги қарори иловасида ёзилишича, темир тобутнинг вазни умумий, яъни ичидаги мурда билан қўшиб ҳисобланганда 200 килограмм деб белгиланган. Ҳарбий жасадни ташувчи самолёт (вертолёт) учун 200 кг.ли юк талони берилган. Тасодифни қарангки, 8 октябрда қабул қилинган қарорнинг тартиб рақами ҳам 200 бўлган.

Афғонистонда хизмат қилган ҳарбий врачнинг маълумот беришича, «ҳар бир жасад аввало госпиталга олиб келинган. Жарроҳлик хонасида майит баданидаги ўқ, мина, снаряд қолдиқлари олиб ташланган. Тананинг бурдаланган бўлаклари жарроҳлик йўли билан мумкин қадар асл ҳолига яқинлаштирилган -  тикилган, қопланган».  

Афғон уруши иштирокчиларига кўра, қатор ҳолатларда снарядлар остида қолган, миналар отиб юборган сафдошлари жасадларига қарашнинг ўзи даҳшат бўлган, уни таниб олишнинг имкони бўлмаган.

Заҳирадаги подполковник, Ўзбекистон Миллий университети ҳаёт фаолияти хавфсизлиги бўлими бошлиғи Равшан Охунов темир тобутларда унинг ҳам яқин дўстлари жўнатилганини изтироб билан эслайди. «Оддий, пиёдалар учун қўйилган мина портласа, оёғидан айрилар, қўлидан айрилар, лекин катта, фугас деймиз ёки танкка, техникага қарши миналар портлаганда одамдан деярли бутун жой қолмайди, титилиб кетади, қип-қизил гўштга айланиб қолади бўлаклари. Уни қандай қилиб ота-онасига кўрсатиш мумкин. Шусиз ҳам боласининг ўлими ҳақида хабарнинг ўзи уларни адойи тамом қилган-ку» дейди у. Собиқ афғончи, аскар йигитлар жасади тобутга қўйилганда, албатта мусулмончилик амаллари бажарилган» деб таъкидлайди.

Ўзбекистон «Veteran» жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси Кенгаши раиси Талъат Муродов унинг ўзи икки марта темир тобутни олиб келиш жараёнида иштирок этганини айтади. Муродовнинг айтишича, агар аскар оддий ўқдан кўз юмган бўлса ва унинг танаси бутун бўлганда, жасад, албатта, экспертизадан ўтказилган. Россия ва қатор насроний республикалардан бўлган йигитлар жасадлари, қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, тобут очилмайдиган қилиб маҳкамланган. «Лекин Ўзбекистон каби аҳолиси мусулмон бўлган республикаларидан чиққан аскар ва офицерлари оддий ўқдан ёки енгил минадан ҳалок бўлса, жасадни кўрганда сесканиш пайдо бўлмайдиган вазиятда тобутни очишга рухсат бериларди».

Талъат Муродов ўзи ҳамроҳлик қилган тобутларнинг иккаласида ҳам юз қисми кўринадиган ойнали туйнук бўлганини айтади. «Чунки, масалан, «Бензовоз»да куйган йигитнинг юз қисми жароҳат олмаган, лекин бадани жизғанак бўлиб кетганди. Шу сабаб тобут очтирилмади» хотирлайди ҳарбий мулозим. Иккинчисида ҳам шунга ўхшаш  ҳолат бўлган. 

Талъат Муродов ҳам зарур ҳолатларда тобутлар тўласинча беркитилгани ва очилишига йўл қўйилмаганини тасдиқлайди.

Талъат Муродов

Тобутларда контрабанда ташилганми?

Эслайсизми, Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» асарида гўё, Афғонистондан тобутнинг ичида жўнатилган гиёҳванд моддаларни олиш учун жиноятчилар қабристонга йўл оладилар. Асардаги бу эпизод бирор аниқ бир маълумотга асосланганми ёки ёзувчи хаёлотининг маҳсулими? Ёзувчи бадиий асарида тўқима ишлатиши, аслиятни ўзгартириб тасвирлашга ҳақли. Иккинчи томондан, қатор ҳолларда ёзувчилар аниқ жиноий ишларни ўрганиб, улар асосида, аниқ воқеага тўқима сингдириб воқеаларини жонлантиргани ҳам маълум. Афсуски, бугун Тоҳир Малик орамизда йўқ. Ёзувчини яқиндан билган шогирдларига мурожаат қилдик, улар «Шайтанат» асарида темир тобут эпизоди яратилиши тарихидан бехабар экан.

Бир қатор афғончилар Афғонистондан тобутда Россиянинг чекка ҳудудларига контрабанда юборилган, деб эшитганларини айтишди.

Талъат Муродов саксон тўртинчи йилдан буён ҳаёти афғончилар билан боғлиқ эканлиги ва тобутда Ўзбекистонга фалон нарса олиб ўтилган деган гапни эшитмаганини таъкидлайди. «Афғонистонга аскар фақат Ўзбекистондан жўнатилмаган. Балким, қаерлардадир шу усулда таъқиқланган ашёлар олиб келингандир ҳам, лекин, Ўзбекистонда эмас» дейди у.    

Равшан Охунов.

Равшан Охунов «Билмайман, жуда кўп версиялар юради, наркотик ташиган, тилла ташиган деган. Лекин мен ишонмайман. Ўша ердаги офицерларнинг жуда кўпидан ибрат олганмиз. Улар ҳақиқий раҳбар, бизнинг хавфсизлигимиз учун бизга жуда кўп нарсани ўргатган. Мен, кейин бекорга ҳарбийликни танламаганман. Мен ўшаларга ҳавас қилиб уларнинг мардлиги, инсонийлиги, интизомига ҳавас қилганимдан Афғонистондан қайтиб яна ҳарбийлик томон катта қадам ташладим» дейди.

«Юк 200» ва контрабанда ашёлари ўртасида боғлиқлик борасида фикрлар фақат бадиий адабиётда эмас, балки ҳужжатли манбаларда ҳам учрайди. Масалан, 2012 йилнинг 3 октябрида «Марказий Евроосиё» лойиҳаси доирасида Марказий Осиё давлатлари, Россия, Украина давлатлари экспертлари «Афғонистондан гиёҳванд моддалар таҳдиди: қайси давлатлар унинг гирдобида» номли давра суҳбатида шу нуқтада ҳам тўхталиб ўтилган.

Суҳбатдан иқтибос: «Сунатулло Джоонбобоев (Тожикистон), Марказий Осиё университети катта илмий ходими: «Совет, кейин эса Россия чегарачилари афғон чегарасида туриб гиёҳванд моддаларни самолёт ва вертолётларда ташишгани сизга маълумми? «Юк 200» нима эканини ва унда ҳарбий жасадидан ташқари нима борлигини биласизми?...талаб бор экан транзит йўли фақат Қирғизистон ва Тожикистон билан чекланмайди.

Арустан Жолдасов (Ўзбекистон), социолог: Сунатулло, Сиз  героинли «Юк 200» деталини тўғри таъкидладингиз. Бу ҳақда ҳали 80-йиларда Шекочихин ёзган эди. У ўшанда афғон уруши  Россияни героин игнасига ўтқазди деб айтган эди».

1979-1989 йиллар давомида Ўзбекистонга Афғонистондан жўнатилган тобутлар билан боғлиқ жиноий иш очилгани ёки очилмагани ҳақида Ўзбекистон бош прокуратурасидан аниқ-тиниқ жавоб ололмадик. Аммо шундай жиноий иш топилса, албатта, таҳририятга боғланишларини билдиришди. Мақолани янги маълумотлар билан бойитишга тайёрмиз.

Сўнгсўз ўрнида

Ўзбекистон «Veteran» жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси берган маълумотга кўра, Афғонистон ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган инсонлар бугунда 57 минг 400 нафар.  Уларнинг 150 нафари 1-гуруҳ ногирони, 3000 га яқини 2-гуруҳ ногирони. 

Жамиятнинг бир қисми бўлган афғончилар билан боғлиқ гаплар кўп. Ҳозир қайси афғончи билан суҳбатлашманг, у Афғонистонга тинчлик ўрнатгани борганмиз, деб таъкидлайди. Мактабни битирган, мактабдан бошқа дунёни ҳали кўрмаган йигитлар  Ватан номидан армия сафига чақирилиб, Афғонистонга жўнатилганини бугун 30 ёшгача бўлган йигит-қизларнинг кўпчилиги билмаслиги, уларнинг нафсониятига тегади. Ўзбек афғончилари тарихи фақат ҳужжатларда қолиб кетаяпти, деб ҳисоблайдиганлар оз эмас.

Урушда ҳалок бўлган афғончи ота-онасига хонадон берилиши ҳақидаги имтиёзга ишониб Мавжуда аянинг бир папка ҳужжат тўплаганию, беш йил идоралар эшигида сарғайганининг ўзи бир қисса. Шунча югуртириб-югуртириб барибир уй беришмади, шу совуқ кунларда ҳовлида дилдирайди. Онанинг умидлари сўнди, боласининг қайтишидан умиди қолмагандек. Шу қаторда афғончи ногиронлар учун вақтида ваъда берилган имтиёзларнинг йўқолиб бўлгани  яна бошқа бир мақолага ярайдиган гап.

Шаҳид кетган афғончи йигитлар қабртошлари суратлари устидан чизиб ташлангани ҳоллари воқеалари ҳам  мушоҳада қилишга, ўрганишга арзигулик алоҳида мавзу.

Яна бир гап. Ўзбекистондан Афғонистонга йўлланган йигитларнинг 33 нафари бедарак йўқолган. Шулардан 4 нафари, қандайдир вақтдан кейин топилиб, яқинларига топширилган. 2 нафарининг ҳалок бўлгани аниқланган. Бедарак йўқолганларнинг қолганлари  Европада жойлашган  «Жаҳон ветеранлар ташкилоти» билан ҳамкорликда ҳамон қидирилмоқда.

Мустаҳкам Тангриёрова,
журналист.  

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.