"Truck FM" радиоси ишга туширилди

Улашиш:

Бугунги медиамаконда ОАВ нинг деярли барча турида ихтисослашув кузатилмоқда. BizMedia онлайн платформаси таркибида ҳам ана шундай ихтисослашган "Truck FM" радиоси ишга тушди. Биз ушбу радионинг мақсади ва тингловчилар учун режалари ҳақида мутахассис Жалолиддин Мирзаев билан суҳбатлашдик.

Аввало ушбу радио нима мақсадда ишга туширилгани ва қайси мавзуларда фаолият олиб бориши ҳақида айтиб ўтсангиз.

— Биламизки, хориждаги ҳамюртлар, айниқса Америкадаги ўзбеклар ҳақида гап кетганида улар орасида энг оммабоп касб — truck driver, яъни юк машинаси ҳайдовчилари эканлиги таъкидланади. Логистика-транспортация соҳаси Америка Қўшма Штатлардаги энг катта бизнеслардан бири бўлиб, юк машинаси ҳайдовчилари кези келса нуфузли университетларни тамомлаган, катта корхоналарда, яхши лавозимда ишлайдиганлардан ҳам кўпроқ даромад қилишади, шунингдек, АҚШда бу касбни эгаллаш учун инглиз тилини зўр билиш ҳам талаб этилмайди.

Юк машинасини ҳайдайдиган ҳамюртларимиз кўплиги сабаб, улар учун махсус радиоканал – "Truck FM" ишга туширилди. Асосий мақсад ҳам айнан уларни сафар давомида зериктириб қўймаслик, соғинган куй-қўшиқларини янгратиш ва турли эшиттиришлар орқали уларнинг ҳам ҳаётини оммага кенгроқ ёритиш, интерактивликни йўлга қўйиб, уларнинг ҳам фикрларини тинглаш ҳисобланади.

Қандай қилиб тинглаш мумкин?

— Айни дамда ушбу янги радиоканални www.truckfm.uz расмий веб-сайтидан ташқари Андроид ва iOS операцион тизимида ишлайдиган смартфонлар учун Google Play ҳамда AppStore онлайн дўконларида мавжуд бўлган “Truck FM” бепул иловаси орқали, шунингдек, “BizMedia” платформасидан ҳам дунёнинг исталган нуқтасидан тинглаш мумкин. Радиоканал барча сервисларда тингловчиларга бепул тақдим этилади.

Қандай эшиттиришлар мавжуд?

— “Truck FM” ижодкорлари куну тун сиз азиз тингловчиларга соғинилган ретро тароналардан тортиб, энг янги хит қўшиқ ва премьераларгача бериб боришади. Бундан ташқари, элимиз суйган қизиқчи-ю, сўз усталарининг энг кулгили чиқишларидан парчалар, аудио китоблар, шеър ва монологлар эшиттиришлар тарзида бериб борилади. Тингловчилар телеграмдаги @truckfmbot орқали дунёнинг қайси чеккасида бўлишига қарамай, салом ва табрикларни, қўшиқ буюртмаларини овозли хабар шаклида жўнатишса, “Овозли хабар” лойиҳаси орқали радиода янграйди.

Бундан ташқари, лойиҳа ҳақидаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш учун телеграмдаги @truckfm ва инстаграмдаги @truckfmuz расмий саҳифаларни ҳам кузатиб бориш тавсия этилади.

Умид қиламизки, “Truck FM” радиоси нафақат Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари, балки дунёнинг исталган нуқтасида танилиб, ўз тингловчиларига эга бўлади.

"Truck FM" – йўлдаги инсонларга ҳамроҳ радио мақсади билан фаолият олиб боради.

Раҳмат маълумотлар учун, Truck FM га омад тилаймиз!

Одина Деҳқонова

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.