Энергетика вазирлиги ва Божхона қўмитаси қуёш панелларини ўрнатишдаги кўзбўямачиликка муносабат билдирди

Улашиш:

Энергетика вазирлиги ва Божхона қўмитаси айрим жойларда қуёш панелларини ўрнатишда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётган, бундай панеллар “ижарага берилаётгани” айтилган хабарга муносабат билдирди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Telegram каналида “Қуёш панеллари учун ягона идентификатор генерация бўлиши керак” сарлавҳали постни эълон қилди. Унда муаллиф “Яшил энергия” ахборот тизимининг реал воқеликни акс эттиришини шубҳа остига олган.

Муносабатда қайд этилишича, 12 август кунига қадар республика бўйича жами 41 885 та объектга 267,3 мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди.

Шундан:

  • ижтимоий соҳа ва давлат идораларининг 7 378 та объектига 144,9 мегаватт қувватга тенг бўлган;
  • тадбиркорлик субъектларининг 7 452 та бино-иншоотига 72,8 мегаватт қувватга тенг бўлган;
  • аҳолининг 26 891 хонадонига 47,1 мегаватт қувватга тенг бўлган;
  • 2023 йилда фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларнинг 164 тасига 2,4 мегаватт қувватга тенг бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, ишчи ҳолатига келтирилган.

Буларнинг барчаси айни кунларда “Ҳудудий электр тармоқлари” томонидан тизимга уланиб, истеъмолчиларга арзон, сифатли, энг муҳими, экологик тоза электр энергияси етказиб бераётган қуёш панелларидир.

Таъкидланишича, “Яшил энергия” ахборот тизими базасига ўрнатиб қўйилган эмас, балки тизимга уланиб, аллақачон генерация бера бошлаган қуёш панелларигина киритилади. Бундан мақсад — тизимда кўзбўямачилик ва сохтакорликларга йўл қўймаслик.

“Бу борада рўёбга чиқарилаётган ишларни назорат қилиб бориш мақсадида божхона ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан исталган шартли объектга олдиндан маълум қилинмаган рейдлар амалга оширилиб, вазият жойига чиқилган ҳолда ўрганиб борилмоқда ва шу асосда қатъий мониторинг ишлари олиб борилмоқда”, — дейилади муносабатда.

Мазкур йўналишда объектларга ўрнатилаётган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ва улар орқали ишлаб чиқарилаётган электр энергия тўғрисидаги маълумотлар божхона органлари томонидан ишлаб чиқилган “Яшил энергия” ахборот тизимида мунтазам қайд этиб борилмоқда.

Тизим Солиқ қўмитасининг “Кешбэк”, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “ASKUE” ахборот тизимларига, “Электрон ҳукумат” платформаси орқали эса Кадастр агентлигининг Маълумотлар базаси билан интеграция қилинган.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон жисмоний шахслардан электр энергиясини сотиб олиш тарифи бўйича энг юқори ўринларда бўлиб, аҳолимиз томонидан ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжидан ортиқча қисми учун ҳар бир киловатт/соатга 1 000 сўмдан субсидия бермоқда.

Айни пайтгача 4 минг 534 та хонадон билан шартномалар тузилган бўлиб, улардан тармоққа 720 минг киловатт/соат электр энергияси қабул қилиб олинган.

“Тўғри, гуруч курмакcиз бўлмайди. Жойларда кўзбўямачилик қилишга, давлатни ҳам, ўзини ҳам алдашга уринишлар бўлиши табиий ҳол. Аммо шаҳар бедарвоза эмас. Қатъий таъкидлаймизки, аниқланган бу каби ҳолатларга зудлик билан ҳуқуқий баҳо берилиб, бунга йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли таъсир чоралари кўриб келинмоқда.

Биз муаллифдан постда ёзилгани каби ҳолатлар юз берганига шахсан гувоҳ бўлса, Божхона қўмитасининг 1108 ҳамда ‘Ҳудудий электр тармоқлари’ АЖнинг 1154 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилишини ёки ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга мурожаат қилишини сўраймиз”, — дейилади хабарда.

16 февраль куни “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори имзоланганди. Унда қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатган шахслар қатор солиқлардан озод этилиши белгиланганди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.