Президент қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 апрелдан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 kW-cоатгача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилиши белгиланганди. Дастурга кўра, йил охиригача 37 мингта хонадонга қуёш панелларини ўрнатиш режа қилинган.Умумий қуввати 50 kW-соатгача бўлган қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига давлат бюджетидан 1000 сўмдан субсидия ажратилади.Давлат солиқ қўмитаси “Soliq” мобил иловасида “Қуёшли хонадон” хизмати асосидаги субсидия ҳар ойда “Soliq” мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25 санасига қадар фуқароларга тўлаб берилади. Қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахслар субсидия олиш учун нима қилиши керак?
- Солиқ мобил иловасининг “Қуёшли хонадон” бўлими танланиб, Face ID орқали рўйхатдан ўтилади;
- Сўнгра хизматдан фойдаланиш тугмаси босилади;
- Очилган ойна қаторидан хонадон кадастр рақами танланганда ҳудудий электр тармоқлари автоматик пайдо бўлади;
- Шундан сўнг, истеъмолчи ҳисобрақами киритилади ва ариза юборилади;
- Ариза ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқлангач, фойдаланувчи қабул қилинган ва узатилган электр энергияси ўртасидаги фарқ билан, субсидия учун рўйхатдан ўтган хонадонлари, тушумлари фарқи, ойлар кесимида субсидия маълумотлари билан танишиши мумкин;
- Субсидия ой якунида жисмоний шахс томонидан истеъмол қилинган ва ягона электр энергияси ҳажми ўртасидаги тафовутдан келиб чиқиб ҳисобланади.
Қуёш панелидаги ортиқча электр токи ва субсидиялар қандай ҳисобланади?
Хонадонга ўрнатилган қуёш панеллари истеъмолга етадиганидан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарса, давлат уни кафолатли равишда сотиб олади. Бунинг учун қуёш панели рақамли ҳисоблагичга уланади ва давлат билан жисмоний шахс ўртасида ҳисоб-китоблар автоматик равишда рўй беради.Масалан, ой давомида фуқаро электр тармоғидан 100 kW-соат электр энергиясини олса, ўрнатилган панеллар эса айтайлик 500 kW-соат ток ишлаб чиқарди. Агар ой якунлари бўйича фуқаро тармоққа узатган ток миқдори тармоқдан олинган ток миқдоридан кўп бўлса, ана шу ўртадаги ижобий фарқнинг ҳар бир kW-соати учун давлат 1000 сўмдан субсидия тўлайди.Агар қуёш панеллари каттароқ бўлиб, ўртадаги ижобий фарқ 200 kW-соат бўлса, субсидия ўз-ўзидан 200 минг сўм, 500 kW-соат бўлса, субсидия 500 минг сўм бўлади. Уй учун мўлжалланган энг кичик қуёш панеллари одатда 3 киловаттлик бўлади. Давлат эса 50 киловаттгача қувватдаги панеллар учун хонадон эгаларига субсидия тўлашга тайёрлигини билдирган. Албатта, умумий тармоққа узатиладиган электрнинг максимал чекланган миқдори тармоқнинг техник имкониятларига боғлиқ.