ХМТ: Сунъий интеллект иш ўринларини эгалламайди, балки уларни тўлдиради

Улашиш:

Халқаро меҳнат ташкилоти тадқиқоти кўпчилик иш ўринлари фақатгина қисман автоматлаштирилиши ҳамда ChatGPT каби генератив сунъий интеллект иш ўринларини эгалламаслиги, балки уларни тўлдиришини кўрсатди. Канцелярия ишлари кўпроқ хавф остида.

Генератив сунъий интеллект кимнингдир ишини тўлиқ ўз қўлига олиб, иш ўринларини «йўқ қилмайди», балки айрим вазифаларни автоматлаштиради. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) янги тадқиқотида бу ҳақда сўз боради.

ХТМ тадқиқотида кўпчилик иш ўринлари ва соҳалар қисман автоматлаштирилади ҳамда ChatGPT сингари генератив сунъий интеллект катта эҳтимол билан иш ўринлари ўрнини эгалламайди, балки уларни тўлдиради деган хулосага келинди.

«Шундай қилиб, ушбу технологиянинг энг катта таъсири, катта эҳтимол билан, иш ўринларини йўқ қилишда эмас, балки улар сифатининг потенциал ўзгаришида, айниқса меҳнат жадаллиги ва автономлигида кўринади», — дейди экспертлар.

ХМТ генератив сунъий интеллектнинг ривожланиши натижасида канцелярия фаолияти билан боғлиқ иш ўринлари катта хавф остида қолишидан огоҳлантирди: ушбу соҳада бажарилаётган меҳнат функцияларининг қарийб тўртдан бир қисми «жуда заиф» деб ҳисобланади.

Шу билан бирга, сунъий интекллект технологияларини жорий этишнинг эҳтимолий оқибатлари эркаклар ва аёллар учун катта фарқ қилади. Шундай қилиб, аёллар иш юритиш соҳасида кўпроқ банд эканини ҳисобга олсак, генератив сунъий интеллект билан боғлиқ автоматлаштириш улар банд бўлган ишларга кўпроқ таъсир қилади, дейди ХМТ экспертлари.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, юқори даромадли мамлакатларда автоматлаштириш барча банд одамларнинг 5,5 фоизига таъсир қилиши мумкин. Кам даромадли мамлакатларда эса автоматлаштириш иш ўринларининг атиги 0,4 фоизига таъсир қилади.

Мутахассисларнинг фикрича, генератив сунъий интеллект ривожланишининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари кўп жиҳатдан уни жорий этишни бошқариш сифатига боғлиқ бўлади. Ишчиларнинг фикри, уларнинг тайёргарлиги ва етарли даражада ижтимоий ҳимояланиши бундай жараённи бошқариш учун калит бўлади, дейилади тадқиқотда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.